Каспий денгизининг суви рекорд даражада камайди

Олам

image

Каспий денгизида сув сатҳи йилига 10–20 сантиметрга пасайиб, сўнгги 200 йилдаги энг паст даражага тушди. Бу ҳақда “Iran International” хабар берди.

Эроннинг Шимолий Мозандарон вилояти Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш департаменти раҳбари Муҳаммад Ризо Канъонийнинг айтишича, сув сатҳининг пасайишига асосий сабаблар – ҳароратнинг кўтарилиши, иқлим ўзгариши ва буғланишнинг кучайишидир. Унинг қайд этишича, Каспий денгизидаги сув ҳарорати сўнгги 20 йил давомида тахминан 1,5 даражага ошган, буғланиш эса 10–15 фоизга кўпайган.

Таъкидланишича, сув сатҳининг пасайиши қирғоқбўйи инфратузилмаси, маҳаллий иқтисодиёт ва Каспий денгизига боғлиқ экотизимлар, жумладан, ботқоқликларга жиддий зарар етказиши мумкин.

Маълумотларга кўра, Каспий денгизидаги сувнинг тахминан 25 фоизи ёғингарчилик, 75 фоизи эса дарёлар ҳисобига тўйинади. Дарёлар орқали келадиган сувнинг катта қисми Россия ҳудудидан оқиб ўтувчи Волга дарёсига тўғри келади.

Эрон Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш департаменти раҳбари Шина Ансари ҳам Каспий денгизи сатҳи сўнгги 10 йил ичида 2–2,5 метрга пасайганини маълум қилган. У сув сатҳининг тушишини минтақадаги энг жиддий экологик муаммолардан бири сифатида баҳолаган.

Мутахассислар дарёлар оқимининг камайиши ва иқлим ўзгариши вазиятни янада оғирлаштираётганини таъкидламоқда. Каспий денгизи сатҳининг пасайиши портлар, қирғоқбўйи ҳудудлари ва денгиз экотизимига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Қайд этилишича, Каспий денгизи Эрон, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Туркманистон билан чегарадош. Мутахассислар экологик муаммоларни ҳал қилиш учун ушбу давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини билдирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Руминия Дунай дарёсидаги сув сатҳининг рекорд даражада пасайиши сабабли мамлакатдаги ягона атом электр станцияси – “Чернаводэ” АЭСнинг сўнгги ишлаётган реакторини ҳам тўхтатгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг