Қудратилла Рафиқов ишсиз қолаётган тиббиёт ходимлари масаласида Ариповга мурожаат қилди

Жамият

image

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов Бош вазир Абдулла Арипов номига икки ташкилот тугатилиши муносабати билан ишсиз қолаётган ходимлар масаласида расмий хат йўллади.

Гап шундаки, Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 25 июль куни қабул қилинган “Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекциясини тугатиш белгиланган.

Касаба уюшмалари Федерациясининг маълум қилишича, тугатилаётган Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ходимларидан кўплаб мурожаатлар келиб тушяпти.

Федерация фармонга мувофиқ Санитария-эпидемиология хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари – тегишинча Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси, шунингдек уларнинг ҳудудий бўлинмалари ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий ворислари ҳисобланишини эслатган.

“Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 50-моддасида юридик шахслар қўшиб юборилганда унинг ҳуқуқ ва бурчлари янги ташкил этилаётган юридик шахсша ўтиши, 53-моддасида эса юридик шахсни тугатиш унинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсга ўтмасдан бекор қилинишига олиб келиши белгилаб қўйилганлиги боис касаба уюшмалари ҳам амалда агентлик ва инспекция тугатилмаётганлиги, аксинча, қўшиб юборилиб, улар негизида янги Санитария-эпидемиология хизмати қайта ташкил этилмоқда деб ҳисоблайди”, дейилади Бош вазирга йўлланган хатда.

Қайд этилишича, Адлия вазирлиги Федерациянинг тегишли сўров хатига ҳам юқоридагидек асос келтирган.

Хатда Меҳнат кодексининг тегишли моддаларига асосан юридик шахс қўшиб юборилган ёки қайта ташкил этилганида янги штатлар жадвалига киритилмаган лавозимда ишловчи ходимларнинг иш ўрни қисқартирилиши, бошқа ходимлар ўз иш фаолиятини давом эттириши кўзда тутилгани эслатиб ўтилган. 

Шунингдек, бунда ҳомиладор, ёш болали ҳамда оиланинг якка ёлғиз боқувчиси бўлган шахсларга нисбатан ишда қолиш имтиёзлари берилади. Юридик шахс тугатилганда эса муассасадаги барча ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинади.

“Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Фармон ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар “юридик шахснинг тугатилиши” сифатида талқин қилинаётганлиги меҳнат бозорида рақобатлаша олмайдиган соҳа ходимлари билан бир қаторда бошқа кўплаб ходимларнинг иш ўринларини йўқотишига ва ходимлар ўртасида норозилик кайфияти пайдо бўлишига олиб келади.

Шу муносабат билан Сиздан (Абдулла Арипов – таҳр.) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 25 июлдаги ПФ-6035-сонли Фармони ижросини таъминаш борасидаги Санитария-эпидемиология хизматидаги такомиллаштириш ишларини ташкил қилишда Агентлик ва Инспекцияни тугатиш сифатида эмас, балки қўшиб юбориш сифатида талқин қилиниши учун амалий ёрдам кўрсатишингизни сўраймиз”, дея якунланган расмий хат.

Агар Федерация ўз мақсадига эришиб, тиббиёт соҳаси ходимларининг ишда қолишини таъминлай олса, бу ташкилотнинг ўзи учун ҳам улкан ғалаба бўларди. Негаки, кўп йиллар давомида Касаба уюшмаларининг фаолиятини меҳнаткашлар деярли сезмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Абдулла Арипов Касаба уюшмалари Федерацияси

Баҳолаганлар

185

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг