Каримовнинг ўлимидан кейин Ўзбекистон тўнтариш ёқасида турганмиди? Сафоев изоҳ берди

Олам 66350
image
-

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида 2016 йилда Каримовнинг вафотидан кейин Ўзбекистон давлат тўнтариши ёқасига келиб қолгани, ўша даврда Россия ҳарбий кучларининг мамлакат аэропортида бўлиб тургани ҳақидаги турли хил миш-мишларга изоҳ берди

“Буларнинг ҳеч қайси умуман ҳақиқатга яқин эмас. Ўша пайтда ҳам Сенатда эдим. Бир нарсага аҳамият бериш керакки, Ўзбекистоннинг узоқ тарихга эга давлатчилиги бор. Бу халқнинг генетик кодига ўрнашиб олган ва баъзида ривожланишга ҳам халақит беради. Билазисми, Фёгел исмли бир немис олими бўлган. Ўша олим Марказий Осиё давлатларини гидравлик давлатлар, яъни сувни бошқариш тизимига боғлиқ бўлган давлатлар деб атаган. Жамият ўз ҳаётини сақлаб қолиши учун барқарор сув таъминотига боғлиқ экан, у доимо марказлашган бошқарувни талаб қилади. Акс ҳолда, тартибсизлик бўлади, ривожланиш эса бўлмайди ва ҳатто оддий ишлаб чиқариш ҳам бўлмайди”, дейди Сафоев.

Содиқ Сафоевнинг таъкидлашича, бундай шароитда марказлашган давлат жуда муҳим.

“Марказий Осиё давлатларининг тарихи шундан гувоҳлик берадики, одамлар ҳам, зиёлилар ҳам давлатчилик институтларига алоҳида ҳурмат билан қараган”, дейди Сафоев.

Сафоевга кўра, Ислом Каримов вафотидан кейин ҳам мамлакатда кескин ҳаракатлар бўлмаслиги аниқ бўлган.

“Ўйлашимча, ўша пайтнинг ўзида бу ерда (Ўзбекистонда – таҳр.) ҳеч қандай кескин ҳаракатлар бўлмаслиги аниқ эди. Ҳаммаси табиий ва мунозараларга асосланганди. Мустақиллик майдони ҳудудидаги бирон бир бинода (Вазирлар Маҳкамаси, Сенат ва Ҳукумат биноси – таҳр.) ҳеч қандай муаммо бўлмаганини эслайман. Биз ўша ерда эдик, ишлардик, муҳокама қилардик. Бошиданоқ ҳамма нарса биз учун олдиндан башорат қилингандек эди”, дейди Сафоев.  

Эслатиб ўтамиз, Сафоев Ғарб давлатлари томонидан Россияга нисбатан қўлланаётган санкцияларнинг Ўзбекистонга ҳам таъсири борлиги ҳақида фикр билдириб, бунга Россия билан икки томонлама иқтисодий алоқаларнинг юқори эканини сабаб қилиб, кўрсатган эди. 

Бундан ташқари, Сафоев 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Президент сайловлари тўғрисида ҳам сўз очиб, амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевдан бошқа муносиб номзод йўқлигини айтиб ўтганди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2621
Рейтинг: 3
t
×