“Карантинга олинмаган митинглар” – Пандемия намойишларга қандай таъсир қилди?
Таҳлил
−
09 Декабрь 2020
8549Оғир кечган 2020 йил ҳам якунига етмоқда. Бу йилда қўрқув, ваҳима, ғазаб ҳисси кўп вақт яқин ҳамроҳга айланди. Одамларнинг хотиржамлиги йўқолиб, норозиликка мойиллиги ортди. Бу бир қатор давлатларда бўлган намойишлар ҳамда тартибсизликларда ўз аксини топди. Хусусан, узоқ вақтлардан бери одамларни қийнаб келган ирқчилик муаммоси АҚШда Жорж Флойднинг ўлдирилиши ортидан бутун дунёга кўриниш бериши, бундан ташқари, 26 йиллик диктатурадан чарчаганлар Минскда президентлик сайловларида Лукашенконинг ғалабасига қарши намойишга чиқиши, Россияда халқ ишонган вакил — Хабаровск губернатори Фургалнинг қамоққа олиниши ортидан ҳалигача тинмаётган намойишлар ёки қўшни Қирғизистонда Президент истеъфосига олиб келган инқилоб ижтимоий ҳаётнинг нақадар таъсирчан бўлиб қолганини қўрсатмоқда. Йил бошида пандемия келтириб чиқарган ваҳима юқоридаги жараёнларга қандай таъсир қилди? Ижтимоий кайфиятнинг тушиб кетиши ва буни норозилик намойишларига айланишида ўрнатилган қатъий карантин чекловлари қандай роль ўйнади? Норозилик намойишларининг кенг тус олишида ижтимоий тармоқлар кимга хизмат қилди? Қуйидаги мақолада шу саволлар доирасида батафсил суҳбатлашамиз.
Коронавирус саросимасининг намойишларга таъсири
2019 йил охирида Хитойнинг Уҳан шаҳрида қайд этилган янги турдаги коронавирус COVID-19 пандемияси деярли барча соҳага таъсир қилди. Одамдан-одамга ҳаво томчи йўли орқали юқиш хусусиятига эга бўлган ва кўп ҳолларда ўлим билан хавф солган касаллик бутун инсониятни саросимага туширди. Тасаввурда дунё ўз тизгинидан чиқиб кетгандек эди. Очарчилик ва иқтисодий танглик хавфи одамлар онгини шунчалик эгаллаб олдики, қўрқувдан озиқ-овқат ғамлаш учун ўзини сотув расталарига урганлар етарлича топилди.
Fears of the #coronavirus outbreak have sparked panic buying of healthcare items, like toilet papers, in the US. #COVID19pic.twitter.com/59XwtHTZmK
— Global Times (@globaltimesnews) March 3, 2020
Бундай вазият йил бошидан бери тинмаётган намойишларни ортга сурди, коронавирус ваҳимасининг таъсири ҳам шунда бўлди. Баъзи ҳолатларда намойишчиларнинг ўзи касалланиб қолишдан чўчиб, вақтинчалик уйда қолишни афзал билди. Бошқа ҳолатларда эса коронавирус хавфини тўғри қабул қилган намойиш фаоллари ҳаракатларни тўхтаташи ҳақида эълон қилди.
Мисол тариқасида, 2019 йил 1 октрябрда Ироқда ишсизлик, коррупция ва самарасиз давлат хизматларига қарши бошланган норозилик намойишларини олиш мумкин. Унда 10 минглаб иштирокчилар қатнашган. Куч ишлатар тузилмалар билан тўқнашувларнинг илк ҳафтасидаёқ намойишчиларнинг 250 нафари ҳалок бўлган. Шу зайлда давом этаётган намойиш коронавирус пандемияси сабабли 2020 йилнинг 21 март куни тўхтатилди. Намойиш иштирокчилари инфекция хавфи камайгунига қадар вақтинчалик уйда қолишга қарор қилди.
Ироқдаги намойишлар пандемия таъсири остида тўхтаб қолган ягона ҳолат эмас. Гонконгда ўтган йилнинг апрель ойида ҳукумат томонидан гумондаги шахсларни Хитойга экстрадиция қилиш имконини берувчи қонун лойиҳасининг тақдим этилиши ортидан норозилик намойишлари бошланган эди. 2019 йилнинг ёзида ушбу қонунга қарши миллионлаб одамлар қўчага чиққан эди. Бироқ коронавирус тарқалиши ортидан пайдо бўлган ваҳима Гонконгни ҳам четлаб ўтмади. Ушбу хавотир таъсирида 2020 йилнинг январь ойига келиб ҳаракат иштирокчилари сони 200 нафарга тушиб кетди.
Бундай ҳолат Россияда ҳам кузатилади. Гап шундаки, жорий йилнинг 11 март куни Россия Федерацияси Давлат думаси мамлакат Конституциясига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Унга кўра, амалдаги Президент Владимир Путиннинг давлатни бошқариш муддатини ноллаштириш белгиланди. Бу эса Путинга ҳокимиятда 2036 йилгача қолиш имконини берарди. Қарордан норози бўлган аҳоли эса митинглар уюштириб, кўчаларга чиқди. Бироқ, намойиш ташкилотчилари 20 мингдан ортиқ иштирокчи мунтазам равишда қатнашиб келган ҳаракатлар тўхтатилишини эълон қилди. Шундай қилиб, Россияда ҳам коронавирус таъсири остида норозилик намойишлари бир муддатга чекинди.
“Мамлакатда коронавирус сабаб вазият тобора таҳликали кўриниш олмоқда, бундай шароитда биз митинг иштирокчиларини вирусга дучор қилмоқчи эмасмиз”, дея тушунтириш берган эди митинг ташкилотчиларидан бири Андрей Пивоваров.
Нега тиниб қолган намойишлар қайта жонланди?
Жорий йилнинг март ойида дунёнинг кўплаб мамлакатларида карантин чекловлари ўрнатилди. Бунинг натижасида 90 та давлатдан 4 миллиардга яқин инсон “уй қамоғида” ўтиришга мажбур бўлди. Шу зайлда орадан бир неча ҳафта ўтди, лекин вазият ўзгармади. Бу орада иқтисодий қийинчиликлар одамларнинг тинкасини қуритди.
Дастлаб пандемия ортидан ўрнатилган карантин чекловлари ҳаммани уйда қолишга мажбур қилган бўлса, кейинчалик ушбу чекловлар одамларнинг норозилигига сабаб бўла бошлади. Апрель ойидан карантин чекловларига қарши намойишлар бошланиб кетди. Улар асосан 1000 кишидан ошмаган кичик гуруҳлар доирасида, масофа сақлаган ҳолда ўтказилди. Лекин, Германия ва АҚШда бўлган намойишларда 30 мингдан ортиқ киши иштирок этди. Асосан бизнеслари тўхтаб қолгани ва чекловлар ҳаддан ташқари оғирлигидан қийналган одамлар “ҳаётимни қайтар”, “ё ҳаёт ё мамот”, “ишлашга рухсат бер” шиорлари остида бирлашди.
Намойишларнинг глобаллашувида ирқчиликка қарши ҳаракатнинг роли
АКШ, Миннеаполис штати. 2020 йил, 26 май. 46 ёшли қора танли АҚШ фуқароси Жорж Флойднинг ўлимига полиция ходими сабаб бўлди. Миннеаполис полиция департаменти ходими Дерек Шовин тиззаси билан 8 дақиқа давомида Флойдни бўғиб турди. Шовиннинг ҳамкасблари эса ўтган-кетганларнинг орага тушмаслигини таъминлади. Бу вақтда Флойд нафас етишмаётганидан жон таслим қилар эди. Буларнинг ҳаммаси видео тасвирга муҳрланди ва бутун дунё эътиборига ҳавола этилди. Буёғи “домино эффекти”.
A black man, George Floyd, murdered in cold blood by Minneapolis police. Very worrying few days ahead, especially following the Central Park incident yesterday & the murder of a black jogger a couple of weeks ago. Racism has never gone away in USA (nor UK) pic.twitter.com/SBElD8BgPp
— Tory Fibs (@ToryFibs) May 27, 2020
Айнан видео тасвир дастлаб Миннеаполисда, кейинчалик бутун АҚШ ва дунёга ёйилган намойишлар бошланишига асосий восита бўлиб хизмат қилди. Жорж Флойд намойиши илдизи 2013 йилга бориб тақаладиган “BLACK LIVES MATTER” ижтимоий ҳаракатини қайта жонлантирди. Жараён АҚШда бошланган бўлса-да, кейинчалик кенг ҳалқаро жамоатчилик томонидан қуллаб-қувватланди. Хусусан, Антарктидадан бошқа барча қитъалардаги 60 га яқин давлатларда бу жараён ўз аксини топди. Бу ҳолат ирқчилик ва камситиш муаммолари деярли ҳар бир жамиятда мавжудлигини англатарди. Қўшма Штатларда бўлгани каби, бутун дунёдаги ҳукуматлар узоқ вақт давомида ирқий адолатсизлик муаммоларини эътиборсиз қолдириб келганди.
Намойишларда ижтимоий тармоқларнинг ўрни
Бугунги кун ижтимоий норозиликларида “сувдек мослашувчан бўл” деган янги ибора мавжуд. Жанг санъати афсонаси Брюс Лининг ушбу сўзларидан илҳомланиб, Гонконгдаги демократияни қўллаб-қувватловчи ҳаракат махсус концепция тузади. Ушбу концепция ҳар қандай вазиятга молашувчан муносабатни талаб қилади. Гонгконгда 2019 йил қабул қилинган экстрадиция тўғрисидаги қонун лойиҳасига қарши кампания пайтида илк маротаба қўлланилган ушбу консепцияда намойишчиларнинг интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали жонли эфирлар уюштириши белгиланганди. Бу усул намойишчиларга таъқиблардан қочиш, полицияга чап беришда қўл қелди.
Бу Минскдаги намойишларда ҳам кўзга ташланмоқда. Президент Александр Лукашенконинг истеъфосини талаб қилаётган норозилар Гонконг стратегиясидан фойдаланиб, полиция билан мушук-сичқон ўйнамоқда. Улар таъқиблардан қочиш учун Telegram каналлардан фойдаланмоқда. Энг қизиғи намойишлар ижтимоий тармоқларнинг кучи билан ҳеч қандай лидерсиз ҳам ташкил қилиняпти. Шунчаки гуруҳ, канал ва блогларда қачон ва қаерда йиғилиш, қандай ҳайқириқ ва қўшиқлар куйлаш ва шу каби намойишнинг махсус деталлари режалаштирилади ва иштирокчиларга хабар берилади.
More than 250K already at the Independence square in Minsk! It’s more than in 1990 when people protested for Independence.
— Franak Viačorka (@franakviacorka) August 23, 2020
Belarus will be free. pic.twitter.com/cUKTIKuKqo
Намойишларнинг куртак очиши ва ривожланишида нафақат ижтимоий тармоқлар, балки улар орқали тарқалётган фото ва фидео тасвирлар ҳам катта роль уйнамоқда. Бунга ёрқин мисол тариқасида “BLACK LIVES MATTER” жараёнининг бошланишига нима восита бўлганини эслаш қифоя. Бу биргина 10 дақиқалик видео тасвир ва унинг такмоқларда катта тезликда тарқалиши эди.
“Тасвирнинг кучи эҳтиёжларни янгича шаклда қондиряпти. Сиз нима бўлишини Жорж Флойднинг ўлими мисолида кўришингиз мумкин. Ўша вазиятда олинган видео кўплаб одамларга таъсир қила олган. Бу газетадаги репортажни ўқишдан кескин фарқ қилади”, дейди Орегон штат университети социология фанлар доценти Келси Кречмер.
Провакация...
Оммавий норозилик ҳаракатлари бугунги кун ҳукуматлари учун жиддий муаммога айланиб улгурди. Бошланган намойишлар эса йиллаб давом этиши, ҳатто, тугамаслиги, анархия, бош-бошдоқлик ва тиклаб бўлмас фалокатларга ҳам олиб келиши мумкин. Бу каби хавфни ҳисобга олган ҳолда шуни таъкидлаш керакки, ижтимоий тармоқларнинг провакацион таъсирига тушиб қолмаслик учун ҳар бир фуқаро индивидуал фикрлай олиши, ҳиссиётга берилмаслиги, атрофидаги вокеаларга бефарқ бўлмаслиги ва ҳар доим огоҳ бўлиши муҳим.
Кўз олдимизга келтиришимиз учун эса етарли мисоллар бор. 2010 йилдаги “Араб баҳори” дея ном олган рангли инқилобларни эслайлик. Намойишларга чақириқ, қўзғалон, ҳокимият учун кураш қандай асоратлар қолдирганини Сурия, Ливия каби мамлакатларнинг 10 йиллик азоб-уқубатларида кўриб турибмиз. Бу мамлакатлар халқи дунё бўйлаб ёйилиб кетди, тарихи қулади, келажкка қурилган пойдевори йўқ қилинди.
LiveБарчаси