Карантиндан қочиб, Деновда қўлга тушган беморнинг тақдири нима бўлди?
Жамият
−
25 Март 2020
19771Жорий йилнинг 16 март куни Корея Республикасидан Москва шаҳрига ва у ердан поездда Самарқанд шаҳрига келган, 1989 йилда туғилган фуқаро А.Ашуров кузатувга олиниб, Самарқанд вилояти юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган эди.
Ушбу фуқаро 20 март кунидан 21 март кунига ўтар кечаси эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиб, ўзбошимчалик билан касалхонадан қочиб кетганлиги аниқланди. Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида у Сурхондарё вилояти, Денов туманида ушланиб, умумий карантинга жойлаштирилганди.
“Фуқаро шифокорлар назоратида бўлиб, унда COVID-19 коронавирус касаллиги қайд этилмади”, деди Денов тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Исмоил Юсупов.
Кеча, 25 март куни бўлиб ўтган Сенатнинг ялпи мажлисида ҳам айнан мана шу масалага эътибор қаратилди ва зарур қарорлар қабул қилинди. Агар шахс карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида санитария ва эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузса, унга нисбатан 30 суткагача бўлган муддатда тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилиши мумкин.
Бундан ташқари, санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш жиноий иши қўзғатилишига сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилди. Айни дам Ўзбекистонда инфекция юқтириб олганлар сони 55 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси