Карантинда 14 кун: Хитойдан қайтганлар билан суҳбат (видео)
Жамият
−
18 Февраль 2020
10651Аввалроқ, бугун, 18 февраль куни “Бўстон” санаторийсида жойлаштирилган Хитойдан келган 294 нафар фуқарони карантин муддати тугаб, уйига кузатилгани ҳақида хабар берган эдик. QALAMPIR.UZ мухбири карантин ҳудида бўлиб, Хитойдан келганлар билан суҳбатлашди.
“Бу ерда мени қизим бор. У Ханжоу шаҳрида ўқийди. Ҳамма ота-отаналар номидан айтаманки, жуда ҳам хурсандмиз. Болаларимизни қайтариб олиб келишгани учун раҳмат айтамиз. Қаттиқ тушкунликка тушдик, стресс ҳолати бўлди. Лекин олиб келишганидан сўнг, ўзимизга келдик. Болаларимиздан хабар олиб турдик. Икки ҳафта давомида яхши шароитда бўлишди. Авиакомпанияга, шифокорларга ва Ташқи ишлар вазирлиги ходимларига раҳмат. Президентимизга раҳмат, болаларимизни олиб келишгани учун”, дейди Карина Ёқубованинг онаси София Ёқубова.
Шу ўринда қайд этиш керакки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига асосан, коронавирус инкубацияси даврини ҳисобга олган ҳолда, Хитойдан олиб келинган фуқаролар 14 кун давомида халқаро санитария-эпедимиология талаблари асосида қатъий карантин ҳолатида сақланди.
14 кунлик карантиндан сўнг, Хожиакбар Сатторов ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
“Бошида ҳеч кимда хавотир бўлмади. Ҳамма хотиржам эди. Охирига келиб, касаллик кучайишни бошлади. Сўнг турли хабарлар чиқа бошлади. Ватанимиз бизга ёрдам бериб, олиб кетадиган бўлди. Чартер рейс ташкил қилиб беришди. Келдик ва ҳаммаси яхши. Ўн тўрт кун давомида тўртта китоб ўқидим. Фақатгина ҳаётдан завқ олдик. Мобил телефонларимизни олиб қўйишгани учун раҳмат. Мен жуда хурсанд бўлдим. Олти-етти йилдан буён тинмасдан телефон ёнимизда, бунинг эса зарари бор. Ўн тўрт кун ҳаёт ҳақида ўйлаб, озгина дам олдик. Ҳар куни уч маҳал ҳарорат текширилиб, икки мартта қон топширдик”.
Шу давр якунига қадар, тиббий кузатув ва махсус лаборатория текширувлари тўлиқ, халқаро стандартлар бўйича олиб борилгани айтилди. Карантинда бўлган фуқаролар биринчи кун ва инкубация даврининг тугаши билан, яъни икки марта коронавирус инфекцияси бор йўқлигини аниқлаш бўйича вирусологик лаборатория текширувларидан ўтказилган. Таҳлил натижалари бирор фуқарода ҳам коронавирус инфекцияси йўқлигини аниқлаб берди.
Вирус тарқалганидан сўнг, Хитойдаги Ўзбекистон фуқаролари орасида кўплаб ваҳимали гап-сўзлар тарқалди. Ўзбекистонга қайтолмаймиз деган ховотир Сайёра Тожихўжаевада ҳам бўлган.
“Хитойни Леонен провинцияси Далян технология университетида иккинчи босқич доктарантиман. Икки йилдан буён таҳсил оламан. Коронавирусни кутмаган эдик, тўсатдан авж олди. Ўқишдан таътилга чиққан эдик. 11 февраль куни уйга кетишни режа қилган эдик. Лекин тўртинчи февралда ҳамма рейслар қолдирилди. Биз ҳам хавотирга туша бошладик. Уйга қайтолмаймиз, деб ўйладик. Чунки чартер рейс ҳақида ҳеч гап бўлмаган эди. Ўзбекистонга қайтишдан аввал бизда ҳам хавотир бор эди. Сабаби у ердаги фуқаролар билан мулоқотда бўлганимиз боис бизга ҳам касаллик юқиб қолганми деган хавотир уйғонди. Чартер рейсни эълон қилишгандан сўнг, жуда қувондик. Талабалар 300дан ортиқ эди. Самолётга ҳамма сиғмайди ва аэропортда қолиб кетсак, у ерда касаллик кимдандир юқса-чи, деган хавотир бошланди. Лекин ҳаракат қилишди ва бизни олиб кетишди. Келганимиздан кейин ҳам жуда чиройли кутиб олишди. Барча ходимлар махсус кийимларда эди. Бизни “Бўстон” сиҳатгоҳига олиб келишди ва доимий назорат остида бўлдик”, дейди Сайёра Тожихўжаева.
Барча муассасаларда юқумли касалликлар бўйича малакали вирусолог, эпидемиолог ва бошқа етакчи шифокор-мутахассислар иш олиб боришгани ҳақида маълум қилинди. Улар карантин муассасасида белгиланган муддат якунига етгунга қадар фаолият юритишган. Шунингдек, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида ички ишлар органлари, Миллий гвардия ходимлари жалб этилиб, улар алоҳида биноларга жойлаштирилган. Кузатувнинг бошида ҳамда охирида икки марта вирусологик таҳлил бўйича аниқланган натижаларга кўра, Хитойдан олиб келинган фуқаролар ўртасида коронавирус инфекцияси аниқланмаган.
"Бугунги кунда Давлат чегараларида халқаро аэропортлардан кириб келаётган чет эл фуқаролари ва Ўзбекистон фуқаролари, айниқса, Хитой давлатида бўлиб қайтаётган фуқаролар устида 14 кун мобайнида тиббий кўрик ва тиббий кузатувларни давом эттираяпмиз. Бу вазият дунё бўйича барқарорлашгунча тадбирларни давом эттиришимиз керак. Бунинг учун бизни мутахассисларимиз етарли”, дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитания-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов.
Эртага ва индинга карантин муддати якунига етиши муносабати билан бошқа тиббиёт муассасаларидаги Хитойдан олиб келинган фуқаролар ҳам ўз уйларига кузатилади.
Маълумот ўрнида, айни вақтда дунё миқёсида коронавирусни юқтирганлар 73,438 нафарни, ўлим ҳолатлари 1875 тани, тузалганлар сони эса 13127 кишини ташкил этмоқда.