“Карантин юлдузи” Отабеков Ўзбекистонга коронавирус кириб келган кунни қандай эслайди?
Интервью
−
16 Март 2021
9132Коронавирусни қўя туринг, касаллик баҳонасида одамлар давлат идоралари ходимларининг кўпчилигини таниб олди. Айниқса, Ўзбекистонда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги (собиқ) борлиги, унинг вазифалари нималардан иборатлигидан хабар топди. Ташкилот раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков эса пандемия ва карантин даврида Ўзбекистонда энг юқори машҳурликка эришган мансабдор бўлди, десак хато бўлмайди. У деярли ҳар куни телевидение, радио, интернет сайтлар орқали чиқиш қилиб, вазият юзасидан охирги ахборотларни бериб борди. Хўш, Отабеков Ўзбекистонда илк бор коронавирус аниқланган кун – 15 мартни қандай хотирлайди?
“2020 йилнинг 15 март кунини ҳанузгача жуда яхши эслайман. Мен ўша куни ўзим билан бирга ўқиган курсдошларим билан учрашгандим. Эрталаб интернет орқали Ўзбекистонда ҳам коронавирус касаллиги аниқланганидан хабар топдим. Хабарни ўқигач, ҳушёр тортдим. Боиси, бу бизга келган қўнғироқ эди. Орадан бироз вақт ўтиб, Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов менга қўнғироқ қилиб, “ҳозир ёнингизга мухбирлар келади, Ўзбекистонда коронавирус аниқлангани ҳақида интервью берасиз”, деди. Ўша заҳоти уйдагиларга қўнғироқ қилиб, кийимларимни ишхонага етказишларини сўраб, ўзим ҳам йўлга чиқдим. Идорамиз остонасида телевидение оператори ва мухбирига кўзим тушди. Улар бинони тарк этди, мен эса ичкарига кирдим. Кейин билсам, улар Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги раҳбаридан интервью олиб кетишган. Бироз кейин менга яна қўнғироқ қилиб, интервью бериб-бермаганимни сўрашди. Гўшак орқали вазиятни тушунтирдим.
Эртаси куни аниқ топшириқ берилдики, унга кўра, мана шу хабарни аҳолига етказиш менинг зиммамга юклатилди. Менгача куннинг иккинчи ярмиди Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги раҳбаридан олинган интервью эфирга берилмаган. Ўшандан бошлаб 93 кун давомида тинимсиз, ҳатто, баъзи кунларда 9 мартагача интервью беришга тўғри келган.
Касаллик Ўзбекистон ҳудудига кириб келганда, менда шундай буюк Хитой давлатини саросимага солиб қўйган бу вирус бизнинг ҳудудимизда қандай кечади, аҳолимиз бунга қандай бардош бераркин, жиддий талафотларсиз ўтамизми, деган ўй-фикрлар бор эди.
Бизда 2 мингтагача беморлар қайд этилгунча вазиятни жиловлаб оламиз, деган фикрда бўлганман. Ўша вақтлардаги интервьюларда айрим эҳтимоллар ҳақида гапирганимизда, “намунча бу одам совуқ хабарларни етказишга интилмаса”, деб эътироз билдирганлар ҳам топилган. Мана, кўриб турибмизки, бизда касалланганлар сони 80 мингдан ошди. Бундан кўриниб турибдики, хавотиримиз ўринли бўлган”, дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг ўринбосари Нурмат Отабеков.