Кападзе Ўзбекистон МТЖ бош мураббийи этиб тайинланди
Спорт
−
22 Январь
1682Ўзбекистон ёшлар терма жамоасини Олимпиадага олиб чиққан мутахассис Темур Кападзе миллий терма жамоа мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабар берди.
Қайд этилишича, ЎФА миллий терма жамоа бош мураббийлиги учун бир қатор номзодларни ўрганиб чиққан ва таҳлил қилган.
“Маҳаллий ва хорижлик тажрибали мутахассислар билан музокаралар ўтказилди. Шу билан бирга, мураббийлар кенгаши томонидан тақдим этилган тавсиялар ҳам батафсил кўриб чиқилди”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, Жаҳон чемпионати саралашининг ҳал қилувчи ўйинларига оз вақт қолганини ҳисобга олиб, жамоа ва футболчилар билан яқиндан таниш бўлган, узоқ йиллар давомида миллий терма жамоа сафида тўп сурган ҳамда бош мураббий ва ёрдамчи мураббий сифатида фаолият олиб борган, шунингдек, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси билан тарихий натижага эришган Темур Кападзе номзоди илгари сурилган.
“Ҳозирги юзага келган ҳолатда ЎФА айнан Кападзенинг мураббийлик истеъдоди, масъулияти, жамоа аъзолари орасида мавқеи, қолаверса доимо юқори мақсад сари интилиш каби жиҳатлари орқали муҳим учрашуарда ижобий натижа кўрсатишига ишонади”, дейилади хабарда.
Айни кунларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қатарда йиғин ўтказмоқда. Темур Кападзе ушбу йиғинга қўшилиб, жамоа бошқарувини қўлга олади.
Маълумот учун, Темур Кападзе Ўзбекистон U-23 терма жамоасини Париж-2024 Олимпиадасига олиб чиққан. Шунингдек, у мазкур жамоа билан Осиё кубоги кумуш медалини қўлга киритган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, соғлигидаги муаммолар сабаб Сречко Катанец Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлигидан кетгани хабар қилинганди.