Канчельскис “Навбаҳор”нинг қарздорлиги юзасидан таҳдидга учраганини айтмоқда

Спорт

image

Наманганнинг “Навбаҳор” клуби собиқ бош мураббийи Андрей Канчельскис ўлим таҳдиди туфайли полицияга мурожаат қилди.

Воқеа унинг Наманган клубидаги фаолияти билан боғлиқ. Канчельскис 2020 йилнинг октябрь ойида маоши бўйича қарздорлик мавжудлиги туфайли клубни тарк этган. Кейинроқ FIFA Наманган жамоасига мураббий учун 1,6 миллион евро миқдоридаги суммани тўлашни буюрган.

Қайд этилишича, Москвадаги кафелардан бирида уч нафар номаълум шахс Канчельскиснинг олдига келиб, тўланиши керак бўлган 1,6 млн евро маблағ миқдорини пасайтиришини талаб қилишган ва ўрнига 80 минг евро миқдоридаги товон пулига рози бўлишини сўрашган. Агар бунга рози бўлмаса, оёғини синдириб, ногирон қилиб қўйиш ҳамда суд орқали ҳеч нарсани исботлай олмаслиги билан таҳдид қилишган.

Кейинчалик Канчельскис ўзига нисбатан таҳдидлар туфайли полицияга мурожаат қилгани ҳақидаги маълумотларга изоҳ берди:

“Ҳақиқатан ҳам полицияга ариза топширдим. Бу маълумот қандай қилиб оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлганига ҳайронман. Бизнинг органларимиз қандай ишлаши аниқ эмас. Ажойиб ташкилот. Барча таҳдидлар FIFA ва UEFA’га етказилади. Энди бу масалага жиддий ёндашиш керак. Ҳозирча полициядан бу маълумотнинг ОАВда кутилмаган тарзда эълон қилинишига гувоҳ бўлдим. Бироқ бошқа ҳеч қандай муносабат билдирилмади. Тез орада қўшимча маълумотлар бўлади, деб ўйлайман. Мен бу шахслар топилиб, уларга қарши қонун доирасида чора кўрилишини истайман”.

Ўз навбатида “Навбаҳор” клуби Канчельскисга уюштирилган таҳдид юзасидан баёнот бериб, клуб FIFA’нинг компенсация тўлаш ҳақидаги қарори бўйича Халқаро Спорт арбитраж судига (CАS) апелляция йўллаганини маълум қилди.

“Ваҳоланки, “Навбаҳор” ПФК ва клуб манфаатларини ҳимоя қилаётган юристлар ушбу ҳодисадан анча олдин хабардор эдилар. Чунки, Андрей Канчельскиснинг юристлари ҳодиса бўйича клуб вакиллари билан боғланишганда, “Навбаҳор” ПФК бу ҳодисадан хабари йўқлигини, лекин ҳолат юзасидан ҳар қандай ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилганди”, дейилади баёнотда.

Маълумот учун, Андрей Канчельскис 2018–2019 йилларда “Навбаҳор” клубига мураббийлик қилган. 2019 йилнинг июнь ойида эса ўз лавозимини тарк этган. Орадан  икки ой ўтгач, 52 ёшли мутахассис яна ўз лавозимига қайтарилиб, уч йиллик шартнома имзоланганди. 2020 йилнинг ноябрь ойида яна бир бор клуб раҳбарияти томонидан истеъфога чиқарилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Навбаҳор Андрей Канчельскис FIFA UEFA Қарздорлик

Баҳолаганлар

123

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг