Камерунлик машҳур футболчи фаолиятини тугатди
Спорт
−
15 Ноябрь 2023
3443Камерун терма жамоасининг собиқ ярим ҳимоячиси – 36 ёшли Алекс Сонг бутсаларини “михга илди”. Бу ҳақда спортчи ўз Instagram саҳифасида маълум қилди.
“Афсуски, бутсаларимни “михга осиш” вақти келди. Яунде шаҳрида бутсасиз, ялангоёқ ва қаттиқ шағал устида ўйнаган болалигимда бошланган саёҳатим менга муваффақиятга эришиш учун куч ва жасорат берди. Францияга кўчиб ўтганимда ва “Бастия”да ўйнаганимда, ҳаётимда мўъжиза бўлди деб ўйладим. Бироқ, бу фақат бошланиши эди. Менинг саёҳатим дунёдаги энг буюк клублар “Арсенал” ва “Барселона”да давом этди. Бу йўлда менга кўп одамлар ёрдам берди: аёлим, фарзандларим, оилам, дўстларим, агентим, мураббийларим ва, албатта, барча жамоадошларим, улардан доим миннатдорман. Албатта, “Чарльтон”, “Вест Хэм”, “Рубин”, “Сион” ва “Арта” жамоалари ҳам менинг қалбимда абадий қолади. Мен 60 марта терма жамоа ўйинларида ватаним шарафини ҳимоя қилишга муяссар бўлдим, бундан фахрланаман. Мен билан абадий қоладиган жуда кўп ажойиб хотиралар борлигидан бахтиёрман. Ниҳоят, бу йўлда мени қўллаб-қувватлаган барча мухлисларга миннатдорлик билдираман, ҳаммасини қадрлайман”, деб ёзди Сонг ўз саҳифасида.
Алекс Сонг “Барселона” билан Ла Лига чемпионлиги ва Испания Суперкубогини қўлга киритди. Россиянинг “Рубин” клубида у жами 23 ўйин ўтказиб, битта гол урди. Сонг 2008 йилда Африка Миллатлар Кубоги финалига чиқди.
Унинг сўнгги клуби Жибути жамоаси эди. “Арта” клубида Сонг икки марта ушбу мамлакат чемпиони ва кубоги соҳибига айланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь