Камчаткадаги зилзила 1952 йилдан бери энг кучлиси бўлди
Олам
−
30 Июль 7904 3 дақиқа
Камчаткада 1952 йилдан буён кузатилган энг кучли зилзила содир бўлди. Бу ҳақда Россия Фанлар академияси Геофизика хизмати Камчатка филиали хабар берди.
Геофизикларнинг баҳолашича, бу зилзила анъанавий субдукцион турига киради. Олимлар унинг магнитудасини 8,7 деб баҳолади.
Зилзила Ер қобиғидаги плиталар тўқнашуви туфайли содир бўлган. Мутахассислар зилзиланинг марказини аниқлаш “катта ажабланарли натижалар бермаслигини” таъкидлади. Ушбу зилзиладан сўнг магнитудаси 7,5 гача бўлган афтершоклар (такрорий туртишлар) бир ой давомида содир бўлиши мумкинлиги ва улар Петропавловск-Камчатскийда 6 баллгача сейсмик фаолликка сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилди. Шунингдек, хавфли цунамилар эҳтимоли ҳам бор.
Сейсмологлар Авачинск кўрфазининг соҳил ҳудудларига, хусусан Халактир пляжи, Англичанка бухтаси, Приливное кўли ва бошқа оммабоп дам олиш жойларига вақтинча бормасликни тавсия қилди. Камчатка губернатори Владимир Солодов зилзилани жиддий синов деб атади ва мутахассислар ижтимоий аҳамиятга эга объектларни текширишга киришганини билдирди.
Улар аввало мактаблар, шифохоналар ва болалар боғчаларини кўздан кечирмоқда. Камчатка ҳукумати зилзила сабабли хавфли ҳолатлар ҳақида хабар бериш учун 8-800-141-00-00 рақамида “қайноқ линия” очди. Губернатор қарорига кўра, давлат муассасаларида иш куни маҳаллий вақт билан 13:00 да тугатилди ва барча ташкилотларга ҳам шундай тавсия берилди.
Петропавловск-Камчатскийдаги 15-сонли боғча зилзиладан жабрланган, у режалаштирилган таъмирлашда эди. Болалар бошқа боғчаларга жойлаштирилади.
Сахалин вилояти губернатори Валерий Лимаренко маълум қилишича, Шимолий Курилскда магнитудаси 7,9 бўлган зилзила кузатилган. Цунами хавфи сабабли аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган. Шимолий Курилск туманида фавқулодда ҳолат режими жорий қилинди.
АҚШ Геологик хизматининг маълум қилишича, эпимаркази Камчатка яқинида бўлган 8,8 магнитудали зилзила дунёда 2011 йилдан буёнги энг кучли зилзила бўлди ва 1900 йилдан буёнги энг кучли 10 зилзила қаторига киради.
“2025 йил 29 июль куни Камчаткада содир бўлган 8,8 магнитудали зилзила 2011 йилда Япониянинг Тохоку минтақасида бўлган 9,0 магнитудали зилзиладан бери дунёдаги энг йирик зилзиладир”, дейилади хабарда.
NBC телеканали маълум қилишича, зилзиладан келиб чиққан тўлқинлар 30 июль куни Гавайи оролларига етиб борган. Цунами огоҳлантиришлари Алеут ороллари, Аляска ва АҚШнинг ғарбий соҳилидаги айрим штатларда (Калифорния, Орегон, Вашингтон) эълон қилинган.
Hawaiian Airlines ва Alaska Airlines авиакомпаниялари Гавайи йўналишидаги парвозларни тўхтатган. Ҳавода бўлган самолётлар бошқа аэропортларга йўналтирилган. Мауи ороли аэропорти парвозларни қабул қилмаяпти.
Энг баланд тўлқинлар (5 метргача) Курил ороллари атрофида қайд этилган. Японияда тўлқинлар 1 метрдан ошмаган. Ҳозирча зилзила ва ундан сўнгги цунамидан қурбонлар ёки катта вайроналар ҳақида хабар йўқ. Японияда бу зилзиланинг магнитудаси 8,0 деб баҳоланган.
ТАСС агентлиги маълум қилишича, зилзиладан сўнг тез ёрдам чақириқлари сони кескин ошган. Аҳоли орасида қон босими муаммолари, аритмия ва эпилепсия ҳолатлари кузатилмоқда. Бир соат ичида 3 марта эпилепсия ҳолати бўйича чақирув қайд этилган.