Камбағалларнинг дунёқарашини ўзгартириш керак, улар уйида ётмасин – Президент (видео)

Жамият 10445

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик. 

Йиғилишда мамлакатдаги реал камбағаллик ҳолатига баҳо берилди. Президент Шавкат Мирзиёев бу ҳақда гапираркан, камбағалликни камайтириш ойлик ёки нафақа миқдорини кўпайтириш, ёппасига кредит бериш билан ўлчанмаслигини таъкидлади. 

“Камбағалликни камайтириш ойлик ёки нафақа миқдорини кўпайтириш, ёппасига кредит бериш, дегани эмас. Бунинг учун, энг аввало, аҳолини касбга ўқитиш, молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш, инфратузилмани яхшилаш, фарзандларини ўқитиш, сифатли даволаниш, манзилли нафақа тўлаш тизимини жорий қилиш керак”, дейди Президент Шавкат Мирзиёев. 

Давлат раҳбарининг қайд этишича, одамларга пул эмас, иш бериш керак. 30 йил давомида уларга пул бериш билан ҳеч нарса ўзгармаган. Камбағаллар уйида ётмаслиги керак. 

“Уларни ҳам ўргатиш керак. Ҳар бир Ўзбекистон фуқароси яшашга, дунёдаги бўлаётган глобаллашув, ўзгаришларга тайёр бўлиши керак. Камбағалларнинг ҳам дунёқарашини ўзгартириш керак. Уйида ётиш тизими тугади энди. Инонтириш керак, ишонтириш керак, ҳайрихоҳ қилиш керак. Унда ҳам эртанги кунга умид уйғотиш керак. Энди пул эмас, иш беришимиз керак. Имкон яратишимиз, ўқитишимиз керак. Пул бериш билан ҳеч нарса ўзгармади 30 йилда. Энди манзилли ишга ўтамиз. Ҳар бир хонадонга асаларичилик, қуёнчилик, чорвачилик, узумчилик, лимончилик, тадбиркорлик, уддабуронлик, ҳунармандчилик – ҳаммасини ўргатамиз. Ўргатмасак, бўлмайди. Пул бериб, ташлаб кетиш билан натижа бўлмади. Мана шундай муҳит яратсак, ўшанда ўзгариш бўлади”.

Президент ҳокимлар олдига “нима қилиш керак” деган саволни қўйди. 

“Шиддат билан вақт ўтяпти. Вилоят ва туман ҳокимлари, сизларнинг умрингиз ўтяпти. Очиғини айтиш керак, камбағаллик кўп йиллар ёпиқ мавзу эди. Энди ҳамма билди. Биз бу масалани энг юқори минбардан туриб, очиқ-ойдин гапирдик. Халқимиз энди натижа кутяпти. Одамларимиз “Президент айтди, уйимга келиб, ким менга кўмак беради, ким мени инонтиради, ким менга мадад бўлади, ким менга йўл кўрсатади, ким мени ўқитади”, деган умид билан яшаяпти. Бу масалани тушунмаган ва бунга эътибор бермаган раҳбар бундан кейин биз билан ишлолмайди”, дейди давлат раҳбари. 

Маълумот ўрнида, 34 миллионлик Ўзбекистон аҳолисининг 12-15 фоиз ёки 4-5 миллиони камбағал. Бу дастлабки ҳисоб-китоблар натижаси, холос.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 142
Рейтинг: 3.1
t
×