Калий тузини истеъмол қилиш инсон умрини узайтиради – ЖССТ
Саломатлик
−
06 Февраль
4125Ош тузининг муқобилидан фойдаланиш миллионлаб инсонлар ҳаётини узайтириши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг ош тузи истеъмолини камайтириш бўйича янги тавсияларида сўз боради.
Қайд этилишича, туздан меъёрдан ортиқ фойдаланиш қон босими кўтарилиши, инфаркт, инсульт, буйрак касалликларига чалиниш хавфини оширади.
ЖССТ тавсияларига кўра, кунлик натрий истеъмоли 2 граммдан ошмаслиги керак. Бу тахминан 5 грамм, янада соддароқ айтганда, бир чой қошиқ ош тузи деганидир.
Бироқ ҳозирги кунда одамлар кунига 4,3 граммдан ортиқ натрий истеъмол қилмоқда. Ушбу кўрсаткич тавсия этилган меъёрдан қарийб икки баробар кўп.
Ваҳоланки, бундан ўн икки йил аввал ЖССТга аъзо давлатлар билан 2025 йилга бориб, туз истеъмолини 30 фоизга камайтириш юзасидан келишувга эришилган эди. Аммо, афсуски, бу мақсад амалга ошмади. Шу боис белгиланган муддат 2030 йилгача узайтирилди.
Янги тавсияларга кўра, анъанавий ош тузи ўрнига калий тузидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Бу орқали, аввало, қон босими нормаллашиб, юрак-қон томир касалликлари хавфи камаяди. Асаб тизими яхшиланади.
Калий тузи таъми ва хусусиятлари бўйича оддий туздан деярли фарқ қилмайди. Калий тузи ҳали кенг оммалашмаган, айрим ҳудудларда эса сотувда топиш қийин. Қолаверса, нархи баъзи мамлакатларда оддий туздан бироз қимматроқ бўлиши мумкин. Аммо бу моддани кенг истеъмолга киритиш орқали муаммонинг самарали ечимини топса бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қизил гўштни яхши пиширмаслик Сальмонелла ва Листериа каби бактерияларни юқтириш хавфини ошириши мумкинлигини маълум қилганди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, керакли миқдорда пиширилмаган гўшт организмда зарарли бирикмаларнинг пайдо бўлишига йўл очади.
LiveБарчаси