Калифорниядаги ёнғинлар етказган зарар 275 млрд долларга етди
Олам
−
14 Январь
3722АҚШнинг Калифорния штатида юз берган ёнғинлар оқибатида етказилган зарар дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 250-275 миллиард долларни ташкил этмоқда. Бу ҳақда “AccuWeather” об-ҳаво кузатув сервиси хабар берди.
“AccuWeather” тез тарқалаётган ва кучли шамол билан алангаланаётган ёнғинлар сабабли Жанубий Калифорнияда умумий зарар ва иқтисодий йўқотишлар бўйича дастлабки баҳосини янгилади ва уни 250-275 миллиард долларга оширди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Лос-Анжелес округида 7 январь куни бошланган кучли ўрмон ёнғинлари дастлаб Пасифик-Палисейдс қирғоқ ҳудудига зарар етказди. Кейин эса бир нечта бошқа ёнғин ўчоқлари юзага келди. Вазиятни кучли шамол янада оғирлаштириб, оловнинг кенг тарқалишига олиб келмоқда. Тахминан 180 минг киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди, минглаб бино ва иншоотлар ёниб кетди. Кўплаб Голливуд юлдузлари, жумладан, актёрлар Мэл Гибсон ва Энтони Хопкинс, қўшиқчи Пэрис Хилтон ва бошқаларнинг ҳам уй-жойлари кулга айланди. АҚШ Президенти Жо Байден ушбу ҳодисани йирик табиий офат деб эълон қилиб, штатга федерал ёрдам кўрсатишни буюрди. Сайланган президент Дональд Трампнинг сўзларига кўра, етказилган зарар кўлами ядро ҳужумидан ҳам жиддийроқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жо Байден фавқулодда вазиятлар расмийлари билан бўлиб ўтган брифингда Лос-Анжелеснинг бир қисмини ёнаётган вайроналарга айлантирган ўрмон ёнғинларини тиклаш астрономик маблағ – ўнлаб миллиард долларга тушишини айтган эди.
LiveБарчаси