Калифорнияда самолёт ҳалокатга учради. Қурбонлар бор
Олам
−
09 Июль 2023
4998АҚШнинг Калифорния штатидаги French valley аэропорти яқинидаги далада Cessna C550 самолёти қулаб тушди ва ёниб кетди. Бу ҳақда “Америка овози” хабар берди.
Самолёт кеча, 8 июль куни маҳаллий вақт билан соат 03:15 да Лас-Вегасдан ҳавога кўтарилган. Тахминан бир соат ўтгач, у Лос-Анжелесдан 140 км жанубда ҳалокатга учраган.
Парвозларни кузатувчи FlighAware веб-сайтидан олинган радар маълумотлари шуни кўрсатадики, ўша пайтда Лас-Вегасдан French Valley’га фақат битта бизнес-жет (йўловчилар сони чекланган, хусусий самолёт) парвоз қилган. Бу самолёт қулашидан олдин майдон бўйлаб айланиб чиққан.
French Valley аэропорти жойлашган Риверсайд округи шерифининг маълум қилишича, ҳалокат жойига келган расмийлар самолёт бутунлай аланга ичида қолганини аниқлаган. Бортдаги олти кишининг барчаси воқеа жойида ҳалок бўлган.
Маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган фотосуратларда аэропорт қаршисидаги даланинг қорайган қисмида кичик самолётнинг куйган қолдиқлари акс этган.
АҚШ Миллий транспорт хавфсизлиги бошқармаси ҳалокат юзасидан текширув олиб боради.
Маълумот учун, бу ҳолат мазкур аэропорт яқинида жорий ҳафтада содир бўлган иккинчи ҳалокатдир. 4 июль куни ҳам бу ерда Cessna 172 самолёти парвоз пайтида қулаган. Учувчи ҳалок бўлган, яна уч киши жароҳатланган.