Калифорния АҚШ таркибидан чиқиб кетиши мумкин
Олам
−
27 Январь
13419Калифорния Давлат котиби Ширли Вебер штатнинг АҚШ таркибидан чиқиш бўйича петицияни маъқуллади. Бу ҳақда “Newsweek” хабар берди.
Нашрга кўра, бу ташаббусни 2028 йилда овоз бериш бюллетенига киритиш учун 2025 йилнинг 22 июлигача 546 651 та имзо тўплаш талаб қилинади. Calexit деб номланган ташаббус муаллифлари томонидан таклиф қилинган савол қуйидагича:
“Калифорния АҚШ таркибидан чиқиб, эркин ва мустақил давлатга айланиши керакми?”
“The New York Post” таъкидлашича, Calexit’ни маъқуллаш учун камида 55 фоиз ёки 500 мингдан ортиқ рўйхатдан ўтган сайловчи ёқлаб овоз бериши, шунингдек, сайловда камида 50 фоиз иштирок керак бўлади.
“Агар бу рўй берса, АҚШга нисбатан “ишончсизлик вотуми” берилади ва Калифорния халқи мустақил давлатга айланиш истагини билдирган бўлади”, дейилади хабарда.
“Newsweek” нашрига кўра, овоз бериш натижалари юридик кучга эга бўлмайди ва федерал ҳукумат томонидан бажарилиши мажбурий эмас.
Маълумот учун, Калифорния – АҚШнинг энг кўп аҳолига эга штати бўлиб, мамлакатнинг ғарбий соҳилида жойлашган. 2020 йилдаги маълумотларга кўра, бу ерда 39,5 миллион киши истиқомат қилади. Халқаро валюта жамғармасининг “World Economic Outlook” тадқиқотига кўра, 2023 йил якунига кўра Калифорния дунёдаги бешинчи йирик иқтисодиётга эга бўлиб, Ҳиндистон ва Буюк Британиядан ўзиб кетган.
Calexit ташаббуси АҚШ Президенти сайловларида Дональд Трамп ғалаба қозонганидан кейин Калифорниянинг мамлакатдан чиқиши бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтирганини эълон қилди. Улар сайлов натижаларини “штат учун аҳамиятли барча нарсаларга қарши ҳужум” деб баҳолаган.
Америка қонунчилиги штатнинг ажралиб чиқиш механизмини назарда тутмайди. 1869 йилда АҚШ фуқаролик урушидан сўнг, Олий суд мамлакат таркибига қўшилиш акти “тузатиш ёки қайтариб олиш имкониятисиз якуний қарор” эканини белгилаб қўйган, фақат “инқилоб ёки штатларнинг розилиги орқали” буни амалга ошириш мумкинлиги айтилган.
Калифорния анъанавий равишда демократик партияни қўллаб-қувватлайдиган штат ҳисобланади. 2024 йил 5 ноябрда бўлиб ўтган АҚШ президентлик сайловларида республикачи Дональд Трамп ғалаба қозонган бўлса-да, Калифорния Демократик партия номзоди – собиқ вице-президент Камола Ҳаррисни қўллаб-қувватлади. Сайлов натижаларига кўра, Калифорнияда 58,5 фоиз рўйхатдан ўтган сайловчи Ҳаррисни қўллаб овоз берган, Трамп эса 38,3 фоиз овоз олган.
Трампнинг биринчи марта президентликка келишидан сўнг, 2016 йилда ҳам Калифорниянинг АҚШдан ажралиши бўйича ташаббуслар фаол тарғиб қилинган эди.
“Трампнинг ғалабаси Калифорниянинг АҚШдан чиқиш интилишини ҳар қачонгидан ҳам кучайтиради. 2025 йил Калифорниянинг АҚШдан чиқиш учун овоз берадиган йили бўлиши мумкин”, деб айтган ўшанда Calexit ташаббуси вакили Маркус Руис Эванс.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Пуэрто-Рико ороли мақоми бўйича референдумда аҳолининг кўпчилиги АҚШ таркибига штат мақомида қўшилиш тарафдори эканини билдирган эди.
LiveБарчаси
28 Январь