Қуйи Чирчиқда эр хотинини ўлдиришида ИИБ ходими ҳам айбдорми? Вилоят ИИББ тилга кирди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқда эркак хотинини боғчада калтаклаб кейинчалик пичоқлаб ўлдирганида Ички ишлар бўлими профилактика инспекторининг ҳам айбдорлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси муносабат билдирди.

“Ҳуқуқий жиҳатдан айни вақтда (ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари ўтказилаётган вақт) воқеа юзасидан бирор шахсни айблаш, дахлдорликни эълон қилиш амалдаги қонунчиликка зид.

Ўтказилаётган тергов ҳаракатлари ва хизмат текшируви хулосасига кўра воқеага дахлдор ҳар бир шахснинг (ИИБ ходимининг ҳам) ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади ва айбдорлик даражасидан келиб чиқиб таъсир чораси кўрилади. Иш тугатилгач натижаси юзасидан жамоатчилик ва ОАВ вакилларига ахборот тақдим қилинади”, дейилади муносабатда.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 24 август куни соат 19:00 ларда аёл ИИБга мурожаат қилиб, эри у билан жанжаллашиб, SMS хабарларни кўриш мақсадида телефонини тортиб олганини маълум қилган.

Профилактика инспектори мурожаатга асосан етиб келган ва аёл (марҳума)дан отаси иштирокида ариза қабул қилиб, унинг эри С.Х.ни қидиришга киришиб, яшаш манзили, қариндош ва яқинлари хонадонларида бўлиб суриштирув олиб борган. Шу жараёнда орадан бир неча соат ўтиб, тонгга яқин, юқорида қайд этилган жиноят содир бўлган. Воқеада гумонланувчи фуқаро С.Х. ушланиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Ижтимоий тармоқ фаолларидан, ҳозирда ҳолат юзасидан бирор кимга айблов қўйишга шошилмасликни сўраймиз. Тошкент вилояти ИИББ жамиятда хотин-қизларга нисбатан ҳар қандай тазйиқ, зўравонликка нисбатан кескин ва муросасизлигини маълум қиламиз”, дейилади хабарда. 

Таъкидланишича, ҳолат тўлиқ, қонуний таҳлил қилиниб, якунида ҳар бир ходимнинг ва бошқа воқеа иштирокчилари (гумонланувчи) ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.

Эслатиб ўтамиз, Қуйи Чирчиқ туманидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотидаги болалар кўз ўнгида аёл эри томонидан калтакланганди. Кейинчалик эса эр аёлини пичоқлаб ўлдирган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган. Қуйи Чирчиқ туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

608

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг