БП боғчада эри калтаклаган аёл пичоқлаб, ўлдирилганини тасдиқлади
3-саҳифа
−
26 Август 2022
17185Хабарингиз бор, Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотидаги болалар кўз ўнгида аёл эри томонидан калтакланди. Кейинчалик эса эр аёлини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ҳолатга Бош прокуратура муносабат билдириб, ҳодиса тафсилотларини очиқлади.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 24 август куни Қуйичирчиқ тумани "Пахтакор" маҳалласида яшовчи 31 ёшли эркак С.Х. оилавий келишмовчиликлар ва рашк туфайли 24 ёшли турмуш ўртоғи М.Х. билан жанжаллашиб, боғча болаларининг кўз олдида турмуш ўртоғини уриб, ҳақорат қилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Қуйи Чирчиқ тумани ИИБ томонидан ўрганиш ишлари бошланган.
Сўнгра, эртасига 25 август куни С.Х. қайнотасини уйига эшикдан ошиб тушиб, оилавий муаммолар туфайли отасини уйида яшаб келган турмуш ўртоғи М.Х.ни ётоқхонасига кириб, бўйин соҳасига ошхона пичоғи билан тан жароҳати етказиб, ҳодиса жойидан яширинган. Олган тан жароҳати оқибатида, аёл вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган. Қуйи Чирчиқ туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Мактабгача таълим вазирлиги юқоридаги ҳолат юзасидан муносабат билдириб, аёл боғчада ишламаслигини, у эридан қочиб, МТТга кирганини маълум қилганди.
LiveБарчаси