Қуёшнинг ҳеч ким кўрмаган тасвирлари эълон қилинди
Бу қизиқ
−
13:22 1303 3 дақиқа
Дунёдаги энг кучли қуёш телескопи ёрдамида олимлар Қуёш юзасини мисли кўрилмаган даражада юқори аниқликда тасвирга олишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда BBC хабар қилди.
Қайд этилишича, Иноуэ телескопи орқали Қуёш плазмасидаги илк бор бундай деталларда кўриниши мумкин бўлган гирдобсимон тузилмалар сурат ва видеога муҳрланган.

Қуёшдаги плазма ҳаракати унинг магнит майдонини ўзгартиради ва айланма ҳаракатларни юзага келтиради. Бу жараён Қуёшдаги катта энергия портлашларининг ҳаракатлантирувчи кучларидан бири ҳисобланади. Мазкур ҳодисалар “космик об-ҳаво”нинг бир қисми бўлиб, улар Ердаги электр тармоқлари ва сунъий йўлдошлар ишига халал бериши, ҳатто космонавтлар учун хавф туғдириши мумкин.
АҚШ Миллий қуёш расадхонаси ходими доктор Дэвид Боболтзнинг таъкидлашича, янги тасвирлар олимларга космик об-ҳавони яхшироқ тушуниш ва унга самаралироқ тайёргарлик кўриш имконини беради.
“Космик об-ҳавони тушуниш ва охир-оқибат уни башорат қилиш учун Қуёш физикасини энг кичик масштабларгача англашимиз керак”, деган у.
Олимларнинг тадқиқот натижалари билан бирга олинган тасвирлар “Nature” журналида эълон қилинган. Тадқиқот Иноуэ телескопи ёрдамида амалга оширилган. У дунёдаги энг йирик қуёш телескопи бўлиб, Гавайидаги тоғ чўққисига ўрнатилган. Телескоп учун мазкур ҳудуд осмонининг тозалиги ва чанг миқдорининг камлиги сабабли танланган.

Тадқиқотчилар Қуёш юзасидаги айланиб, бир-бирига ўралаётган гирдобларни юқори даражадаги деталлар билан тасвирга туширган.
АҚШ Миллий қуёш расадхонаси астрономи Давид Куридзенинг сўзларига кўра, бундай айланма ҳаракатлар магнит энергиясини ҳосил қилади. Ушбу энергия маълум вақт давомида тўпланиб, кейинчалик катта миқёсдаги портлашларга сабаб бўлиши мумкин.
Қуёшдаги “портлашлар” – космик об-ҳаво ҳодисаси
Олимлар ўрганган ҳодиса Кельвин–Гельмгольц беқарорлиги деб аталади. У газ ёки суюқлик қатламлари, мазкур ҳолатда эса ионлашган газ – плазма ўртасидаги ўзаро таъсир натижасида юзага келади. Бундай таъсир муҳитда дастлабки бузилишни келтириб чиқаради ва у айланувчи гирдобсимон тузилмаларга айланади. Худди шу ҳодиса океанлардаги айрим тўлқинларнинг шаклланишида ҳам кузатилади.
Расадхона ходими Фридрих Вёгернинг айтишича, мазкур ҳодисанинг Қуёш юзасида аниқланиши нафақат космик об-ҳавонинг динамикасини тушунишга, балки Қуёш юзасининг нима учун бундай юқори ҳароратга эга эканини англашга ҳам ёрдам беради. Унинг таъкидлашича, мазкур жараён энергиянинг юқори қатламларга қандай кўтарилишини кўрсатади.
“Юқори қатламларда етарлича энергия тўпланганида, у чақнаш ёки коронал масса чиқарилиши деб аталадиган ҳодиса кўринишида ажралиб чиқиши мумкин”, деган олим.
Дэвид Боболтзнинг таъкидлашича, тадқиқотнинг амалий аҳамияти шундаки, инсонлар космик об-ҳавонинг моҳияти ва ундан қандай ҳимояланиш мумкинлигини яхшироқ тушуниши мумкин. Шу билан бирга, кашфиёт Қуёшни “ноёб лаборатория” сифатида ўрганиш имкониятини яна бир бор кўрсатади.
“Бу бизга энг яқин юлдуз. У физиканинг асосий қонунларини тушунишга ёрдам беради. Эйнштейннинг умумий нисбийлик назариясининг илк экспериментал тасдиғи ҳам Қуёш тутилиши кузатувлари натижасида олинган. Инсоният билимини бойитиш учун бундай тажрибаларни давом эттиришимиз керак”, деган Боболтз.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилнинг 12 август куни Қуёш тутилиши, Персеид метеор оқимининг энг фаол палласи, Венеранинг ноёб ҳолати ва Сомон йўлининг энг яхши кўриниши бир вақтга тўғри келиб, осмон кузатувчилари учун сўнгги йиллардаги энг ноёб астрономик ҳодисалардан бирига айланиши мумкинлиги хабар қилинганди.
Live
Барчаси