Қуёшни тўсган тутун. Зангиотада завод ёнди
3-саҳифа
−
10 Сентябрь
7433Тошкентда ёнғинлар сони кўпаймоқда. Бугун, 10 сентябрь куни Тошкент вилояти Зангиота тумани “Эркин” МФЙ ҳудудида жойлашган бўёқ заводида ёнғин чиққани хабар берилди. Соат 14:00 атрофида бошланган ёнғин Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, 5 соатдан кейин 18:56 да ўт ўчириш экипажлари томонидан бартараф этилган.
Ҳудудда яшовчи аҳоли вакилларининг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, бу шунчаки ёнғин эмас, балки портлашдир.
“Биринчи бочкалар бонг-бонг этиб, бомбага ўхшаб портлади. Кейин кўчага чиқдим. Қарасам, ҳаммаёқ қоп-қора тутун, ёняпти. Борсак, бўёқ заводига ўт тушибди, дейишди”, деди аҳоли вакилларидан бири.
Яна бир воқеа гувоҳининг очиқлашича, даставвал одамлар қўрқиб бақиришган. Кейин тез тиббий ёрдам ва ўт ўчирувчилар келгач, вазият бироз ўнгланган.
“Биз ўша заводнинг рўпарасида жойлашган корхонада ишлаймиз. Портлаш учқунлари ишхонамизгача етиб келди. Шундан сўнг бизни эвакуация қилишди. Қўриқчиларнинг бари шу ерда”, деди ишчи аёл.
Уларнинг айтишича, қуюқ тутундан ҳатто қуёш ҳам кўринмай қолган. Аммо Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тошкент вилоят бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари Рустам Алимов бу портлаш эмаслигини айтмоқда.
“Бу портлаш эмас. Соат 14:15 да Тошкент вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига Зангиота тумани “Эркин” МФЙ ҳудудида бўёқ маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган ишлаб чиқариш корхонасида ёнғин содир бўлаётгани хабар қилинган. Хабарга асосан 8 дақиқада зарурий техникалар жалб қилинган. Ҳозирги пайтда ёнғин тўлиқ назоратда бўлиб, ўраб олинган. Ёнғин жойида 15 та махсус, 9 та ёрдамчи ва 3 та асосий турдаги автоэкипажлар ёнғинни бартараф этиш билан шуғулланмоқда. Айни пайтда 200 га яқин шахсий таркиб ишга жалб қилинган. Айни пайтда 2000 кв/м ҳудуд ёнган, қолган ҳудудлар сақлаб қолинган”, дея маълум қилди Рустам Алимов.
Аммо нима учун шунча таркибдан иборат гуруҳ ёнғинни ўчиришга кўп вақт сарфлади? Алимов бунинг сабабини бўёқ маҳсулотлари ёнувчан модда бўлгани ва шу сабабли ҳам бошқа ён маҳсулотларни совитишга, олов ҳудудининг кенгайиб кетишининг олдини олишга кўп вақт кетгани билан изоҳлади. Аммо у ёнғин сабаби ва қурбонлари ҳақида ҳозирча аниқ маълумот беролмаслигини маълум қилди.
“Ҳозирча бизга тан жароҳати олганлар ёки ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот келиб тушмади. Шунингдек, ёнғин сабаби ҳам тегишли суд-экспертиза хулосасига кўра аниқланади”, деди масъул.
Ёнғин маркази аҳоли зич яшовчи ҳудудда ва шундоққина 36-умумий ўрта таълим мактаби орқасида жойлашган. Ёнғин содир бўлган пайтда мактабда 2-сменада болалар учун дарслар бошланган бўлган. Портлашдан сўнг ўқитувчилар ота-оналарни зудлик билан чақиртириб, болаларни уйига жўнатиб юборган. Шу сабабли одамлар бундай корхоналарнинг аҳоли яшаш манзилларидан узоқроқда жойлашиши тарафдори.
“Набираларим мактабда эди. Ўқитувчилари уйимизга чиқариб юборибди. Ёмон портлади дейишди. Нечта боланинг аҳволи ёмон бўлиб, тез ёрдам чақиртирилибди. Шу яхшими? Умуман, бу ерда завод қурилиши хато”, деди фуқаролардан бири.
Маълумот учун, сўнгги пайтларда Тошкентда ёнғинлар авж олмоқда. Масалан, 10 август куни Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи дўкон ёниб кетди. 15 август куни Тошкентдаги кўчалардан бирида ёнғин чиқди. Худди шу куни бошқа бир ҳудудда ёш бола олов ичида қолиб кетган. 24 август куни Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида жойлашган омборда кучли ёнғин чиққан.
Ҳулкар Муртазоева
LiveБарчаси