Қуруқлик ҳужуми Рафаҳни қабристонга айлантириши мумкин – “Чегара билмас шифокорлар”
Олам
−
08 Май
4742Ғазо секторининг жанубий блокадаси остидаги Рафаҳ шаҳрига генотсидда айбланаётган Исроилнинг қуруқликдаги ҳужуми минтақани “қабристонга” айлантириши мумкин. Бу огоҳлантиришни “Чегара билмас шифокорлар” халқаро ноҳукумат ташкилотининг Америка бўлими ижрочи директори Аврил Беноит эълон қилди.
“Чегара билмас шифокорлар” веб-сайтида эълон қилинган баёнотда Беноит Исроилнинг Рафаҳда давом этаётган ҳужуми минтақада гуманитар фалокат келтириб чиқариши мумкинлигини қайд этган. Исроил зудлик билан қуруқликдаги ҳужум режаларини тўхтатиши керак. Ҳарбий ҳужумлар сонининг янада кўпайиши Рафаҳдаги аҳолига тўғридан-тўғри ҳужум қилишни англатади”, дейди “Чегара билмас шифокорлар” ташкилоти вакили.
Унинг таъкидлашича, бир ярим миллиондан ортиқ одам Рафаҳ шаҳридаги кичик бир ерга тўпланишга мажбур. Ташкилотнинг Америка бўлими ижрочи директори Рафаҳга қуруқликдан ҳужум уюштирилса, Ғазо секторига аллақачон оғир шароитларда амалга оширилган гуманитар ёрдам етказилиши хавф остида қолиши ҳақида огоҳлантирди.
У Америка Қўшма Штатлари Исроилга энг катта ҳарбий ва моддий ёрдам кўрсатувчи давлат эканини эслатди.
"Қонунга кўра, Қўшма Штатлар инсон ҳуқуқлари бузилишини қўллаб-қувватламаслиги керак", дея қўшимча қилди Беноит.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хония Фаластин ҳаракати Қатар ва Мисрнинг Ғазо секторида нисбий ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги таклифини қабул қилиш қарорини эълон қилган эди. Бунинг ортидан Исроил ҳарбий ҳукумати Рафаҳга ҳужумларни давом эттиришга қарор қилди. Исроил армияси шаҳар шарқидаги кўчирилганлар яшайдиган қатор маҳаллаларни бўшатишни талаб қилган. Исроил армияси радиосининг хабар беришича, эвакуатсия 100 мингга яқин одамга таъсир қилади. Исроил армияси эвакуатсия қилишни талаб қилаётган ҳудудга Миср билан чегарадаги Рафаҳ назорат пункти ҳам киради. Рафаҳ Ғазога гуманитар ёрдамлар олиб кириладиган асосий ўтиш жойи ва Ғазо секторидаги фаластинликлар хорижга саёҳат қилиш учун фойдаланадиган ягона ўтиш жойидир.
LiveБарчаси