Қурилиши тугамаган уйларга аҳолини киритган масъуллар қамалиши мумкин

Ўзбекистон

−

visibility2048 timer3 дақиқа

image

Ўзбекистонда қурилиши тугалланмаган ёки белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилинмаган кўп квартирали уйларга фуқароларнинг кўчиб киришига йўл қўйган қурилишга масъул ва мансабдор шахслар учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг 27 ноябрь куни бўлиб ўтган 21-ялпи мажлисида маъқулланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қурилиши тугалланмаган кўп квартирали уйларда ноқонуний яшашнинг олдини олишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган.

Қонунга кўра, Жиноят кодексининг 229-3-моддаси янги қисм билан тўлдирилмоқда. Унга мувофиқ, фойдаланишга қабул қилинмаган кўп квартирали уйларга фуқароларнинг кўчиб киришига қурилишга масъул ёки мансабдор шахслар томонидан йўл қўйилса, айбдорлар уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 2 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Шунингдек, Шаҳарсозлик кодексига буюртмачи ва пудратчиларнинг фойдаланишга қабул қилинмаган уйларга одамларнинг кўчиб киришига йўл қўймаслик чораларини кўриш мажбуриятини белгиловчи норма киритилмоқда.

Қонунни муҳокама қилиш жараёнида келтирилган маълумотларга кўра, сўнгги етти йилда 383 та кўп квартирали уй шаҳарсозлик ҳужжатлари, коммуникация тармоқларига уланиш ва рўйхатдан ўтказиш талабларига риоя қилинмасдан қурилган. Ушбу уйлардаги 20 мингдан ортиқ хонадон фуқароларга сотилган. Бундан ташқари, турли қоидабузарликлар сабаб фойдаланишга топширилмаган 136 та уйда қарийб 8 минг киши яшаб келмоқда.

Қонун юзасидан маъруза қилган Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобулжон Турсунов амалдаги тартибда бундай уйларга одамларнинг кириб яшашига йўл қўйганлик учун аввал маъмурий, такроран содир этилганда эса жиноий жавобгарлик белгиланганини айтди. Янги ўзгартишлар эса қурилишга масъул шахсларнинг жавобгарлигини аниқ белгилашни кўзда тутади.

Муҳокамада сенатор Малика Ходирхонова фуқаролардан айнан шу масала бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, 2025 йил 1 майдан уйларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби соддалаштирилган бўлса-да, айрим фуқаролар ҳужжатларни расмийлаштириш жараёни чўзилиб кетгани сабабли тугалланмаган уйларга кўчиб киришга мажбур бўлаётганини билдирмоқда. Сенатор бу муаммони ҳал этиш бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги вакилидан изоҳ сўраган.

Вазирлик вакили коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида инсон омилисиз ишлайдиган электрон платформа жорий этилганини маълум қилди. Шунингдек, вазирлик ҳузурида ноқонуний қурилишлар билан шуғулланувчи департамент ташкил этилган. Ҳудудларда планшетлар билан таъминланган ходимлар орқали ноқонуний қурилишлар аниқланиб, улар бўйича жарималар қўлланилаётгани ва материаллар судларга юборилаётгани айтилган.

Сенат раиси Танзила Норбоева эса қурилиши тугалланмаган ёки қоидабузарликлар сабаб фойдаланишга топширилмаган уйларда яшаш фуқаролар ҳаёти ва хавфсизлигига таҳдид солишини қайд этган. Унинг таъкидлашича, бундай ҳолатлар қурилиш ишлари кўлами катта бўлган Тошкент шаҳри, шунингдек Самарқанд ва Наманган вилоятларида кўпроқ учрамоқда. Сенат раиси ушбу ҳудудлардаги масъуллар ва маҳаллий кенгашларни муаммога жиддий эътибор қаратишга чақирган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг