Қурилиш вазирлигига 3 та акциядорлик жамиятини бошқариш ваколати берилди

Жамият

image

“Ўзсувтаъминот”, “Ўзоғирсаноатлойиҳа” ва “ТошуйжойЛИТИ” акциядорлик жамиятлари акцияларини бошқариш ваколати Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қайд этилишича, вазирлик ҳузуридаги кўп хонадонли уйларни мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда иссиқлик таъминоти объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси тугатилади. Унинг ўрнига ҳокимликлар ҳузуридаги “Кўп қаватли уйларни таъмирлаш” инжиниринг компаниялари ва ҳудудий бошқармалар ҳузурида Иссиқлик таъминоти объектлари бўйича инжиниринг компаниялари ташкил этилди.  

“Ўзсувтаъминот”, “Ўзоғирсаноатлойиҳа” ва “ТошуйжойЛИТИ” акциядорлик жамиятларининг акцияларини бошқариш ваколати вазирликка ўтказилиб, вертикал бошқарув ва ҳисобдорлик тизими яратилди.    

Шунингдек, вазирлик ҳузурида аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича буюртмачи функциясини бажарадиган ҳамда Давлат шаҳарсозлик кадастри ва Шаҳарсозлик геоахборот тизимини юритадиган Урбанизация ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш Республика маркази фаолияти йўлга қўйилади. 

Шу билан бирга архитектура, қурилиш, муҳандислик ва коммунал хўжалиги соҳаларида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда уларни баҳолаш бўйича ихтисослашган давлат олий таълим муассасаси яъни, Компетенцияни ривожлантириш институти ташкил этилмоқда.    

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат тизими янада кучайтирилиб, унинг қамрови кенгайтириляпти. Хусусан, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги шаҳарсозлик фаолияти субъектлари томонидан аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат архитектура назоратини амалга оширишга масъул этиб белгиланди.    

Вазирлик ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси объектларда қурилиш-монтаж ишларининг сифати ва лойиҳа ҳужжатларига мувофиқлигини назорат қилиш билан бир қаторда кўп квартирали уй-жой фондидан ва ичимлик сувидан фойдаланиш бўйича давлат назоратини амалга ошириш учун масъул этиб белгиланди. Эндиликда ҳудудий инспекцияларнинг ходимлари сони назоратга олинадиган объектларнинг сонига қараб белгиланади.    

Бундан ташқари, қурилиш фаолияти субъектларининг мажбурий тартибдаги назорат тадбирлари “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимининг “Қурилишда давлат назорати” электрон платформасида амалга оширилади.

“Ҳудудий инспекциялар фаолиятини ташкил этиш, назорат қилиш ва уларга умумий раҳбарлик қилиш вертикал бошқарув тизими асосида инспекция ва вазирлик томонидан амалга оширилади. Бунда, ҳудудий инспекцияларнинг қонуний фаолиятига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа тегишли ташкилот ҳамда идораларнинг аралашуви ёки таъсир ўтказиши қатъий тақиқланмоқда”, дейилади хабарда.

Архитектура, лойиҳа фаолияти ва қурилиш назорати мутахассисларини 10 та фаолият йўналиши бўйича сертификатлаш тизими ҳам жорий қилинади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қурилиш вазирлиги Ўзсувтаъминот

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг