Қуръонни ёққан Палуданнинг Британияга кириши тақиқланди

Олам

image

Британия ҳукумати Швециянинг ўта ўнгчи “Қаттиқ келишув” (“Stram Kurs”) партияси етакчиси Расмус Палуданни Англия шимолидаги Уэйкфилд шаҳрида Қуръонни ёқиб юбориш билан таҳдид қилганидан кейин Буюк Британияга киришини тақиқлади. Бу ҳақда кеча, 20 март куни Британия Ички ишлар вазири ўринбосари Том Тугендхат парламент қуйи палатасида сўзлаган нутқида маълум қилди.

“Палудан ҳуқуқ-тартибот идоралари кузатув рўйхатига қўшилди. Шундай экан, унинг Буюк Британияга қилган сафари жамоат манфаатига ҳисса қўшмайди. Унга мамлакатга киришга рухсат берилмайди”, деган Тугендхат.  

Маълумотларга кўра, 19 март куни Палудан Twitter’га видео жойлаштириб, мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойида Уэйкфилдда Қуръонни ёқиш режалари ҳақида маълум қилган. Шу тариқа у гўёки мусулмон жамиятидан ўлим таҳдидларини олган 14 ёшли ўқувчи учун жавоб бермоқчи бўлган. 

Гап шундаки, жорий йилнинг 23 февраль куни 14 ёшли ўсмир таълим муассасасига муқоваси йиртилган ва саҳифалари ажинланган Қуръон китобини олиб келган. Воқеадан сўнг Британия полицияси китобга етказилган зарарни “нафрат ҳодисаси” деб атаган, аммо бу жиноий иш эмаслигини айтган. Баъзи маҳаллий нашрлар ўқувчи компьютер ўйинида синфдошларига ютқазгани учун жазо сифатида дарсга Қуръон олиб келганини, китоб полга қулаганидан кейин шикастланганини ёзган. Яна бир нашр эса полиция китобни ким ташлаб юборгани ва нима учун шикастлангани ҳақида маълумот бермагани, бироқ ҳодиса оқибатида тўрт киши дарсдан четлаштирилганини хабар қилган.

Британия Мусулмонлар Кенгаши эса Палуданнинг вазиятга аралашиб, қилган таҳдидларини “бемаъни гижгижлаш ҳаракати” деб баҳолаган. Ташкилот швед фаолининг мамлакатга келиши эҳтимолидан чуқур хавотир билдириш учун Буюк Британия Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилишини айтган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 январь куни Палудан Стокгольмдаги Туркия элчихонаси олдида Қуръонни омма олдида ёқиб юборганди. Бу эса Туркия ва Швеция ўртасидаги муносабатларнинг чигаллашишига олиб келганди. Шундан сўнг, Эрдўған Швеция Анқарадан НАТОга аъзолик аризасини қўллаб-қувватлашини кутмаслиги кераклигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Швеция Қуръон Палудан

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг