Бензинга кетиб “қайтмаганлар”

Жамият

Ҳар совуқда шу бўлар такрор. "Ҳудудгазтаъминот" декабрь ойининг ўзида газ заправкаларининг иш вақти дастлаб 6:00 дан 15:00 гача, орадан 4 кун ўтиб эса 12:00 гача қисқартирилганини маълум қилди. Куни кеча эса республика бўйлаб мавжуд шохобчаларнинг ярмидан кўпи аҳолига газ етказиш мақсадида ёпилди. Шунга қарамай, ёпиқ газ шохобчаларида очилиб қолар, деган умид билан навбат кутаётганлар ҳам йўқ эмас.

“Ўзи машинам газда юради. Лекин газ икки кундан бери йўқ. Шунинг учун ноилож бензинга келдим. Бензинга ҳам, кўриб турибсиз, катта навбат бор. 4 соат аввал келганман. Газ “заправка”лар 3 кун ишламайди, деб “қулоққа тепишяпти”. Лекин аниқ биламиз, 3 ой ишламайди. Ўтган йили ҳам шунақа дейишганди. Газни ҳал қилиб берамиз, “заправка”лар мунтазам равишда ишлайди, деб ёздан бери халқни алдаб келишяпти. Самолётнинг бензинини бекорга кетказиб, бориб шартномалар тузиб келишяпти. Булар учун давлатнинг пули кетади. Ҳеч нима тузмаган, ҳеч нима қилмаган, мана. Халқ газ оламан, деб қийналиб ётибди. Менда пул бор экан “полний бак” қуйдим. Лекин одамлар пули етмагани учун 50 мингга 10 литр бензин қуйдиряпти. Лекин бу бензин 1 кунга ҳам етмайди”, дейди ҳеч қаердан газ тополмай, келиб бензин учун навбатга қўшилган ҳайдовчилардан бири.

Газ “заправка”ларининг ёпилиши ортидан бензин қуйиш шохобчаларида ҳам турнақатор навбатлар юзага кела бошлади. Одамларнинг айтишича, улар ҳар куни 3-4, ҳатто 5 соатлаб вақтини навбат кутиш билан ўтказяпти.

“Нима аҳвол бу? Кеча газда 3 соат турдим, бензинга келиб яна 3 соат турдим. Ишонасизми, кўчада қолмаслик  учун 11, 500 сўмдан 2 литр бензин олиб, уйга етиб олдим. Энди давлат одамларнинг қадрига ҳам етиши керак-да! Бу нима деган гап? Ҳамма нарса бўлиши керак. Президентимиз ҳам бензинимиз бор, газимиз бор, деди-ку, ахир. Бугун ҳам саҳарлаб чиққанман. Газ қидирдим, ҳеч қаерда йўқ. Кейин бензинга келдим. Бензонасослар сувга ёпишиб, совуқда қотиб қоляпти. Бу бензинми, сувми билиб бўлмаяпти. Ҳурматли раҳбарлар ҳам сал кўзини очиб, халқни ўйласа, ёмон бўлмасди”, дейди бошқа бир ҳайдовчи.

Респондентларнинг сўзларига кўра, одамлар ярим кечаси ширин уйқусидан кечиб, шохобчадан жой олиш учун келяпти. Навбат етгунча машиналарнинг ёнилғиси тугаб, қаторда ўчиб қолаётган ёки энди етдим деганда, бензини тугаб қолаётган ҳолатлар ҳам бўляпти.

“Мана ҳозир машинам ўчди, юрмайди. Қаерга бораман энди. Орқамда шунча одам кутяпти. Ўт олдириш учун ҳам, бензин керак. Мана ўчди”, дейди сўнгги ёнилғиси билан шохобчага етиб келган ҳайдовчи.

Шунингдек, бензин етмай қолган одамлар хусусий шохобчалардан қиммат нархда ёнилғи сотиб олишга мажбур бўляпти.

“Бензин мана ҳозир арзон – 6 минг сўм. Лекин бу ҳам 1 соат ичида тугайди. Кейин одамлар хусусий шохобчаларга бориб, 8 минглик қиммат бензиндан олишга мажбур бўлади. 8 мингдан қуйдирмаслик учун одамлар 2-3 соатлаб “очерт”да туриб, шу ердан бензин оляпти”, деди сўровнома иштирокчиларидан бири.

“Ҳудудгазтаъминот” газ тўлдириш шохобчаларнинг ёпилишини, энг аввал, мактаб, шифохона ва аҳоли хонадонларига газ етказиб бериш чоралари кўрилаётгани билан изоҳлаганди. Аммо одамларнинг ҳаммаси ҳам уйидаги газ таъминотидан мамнун эмаслигини билдирди.

“Уй ҳам совуқ. Газ умуман йўқ. Кеча “свет” ҳам ўчди. На газ, на электр бор. Ишонасизми, кеча исиниш учун машинада ўтирдик. Сизга ёлғон бўлса, Худога чин”, деди бир неча соатдан бери навбатда турган респондентлардан бири.

Одамларнинг ҳаммаси ҳам барибир фойда бўлмаслигини айтиб, саволларимизга жавоб беришни истамади.

“Гапиргандан фойда йўқ. Айтадику, урса эти қотади, гапирса бети қотади, деб. Буларга ҳеч нима таъсир қилмаяпти”, дейди навбатда туриб, хуноб бўлган суҳбатдошларимиздан бири.

Бугун дунё аҳолиси роботлар яратаётган, ойга ракеталар учираётган бир вақтда Ўзбекистонда одамлар ҳали ҳам газ, электр, бензин дардида андармон бўляпти. Хўш, сиз-чи, бир кунда қанча вақтингизни “заправка”ларда навбат кутишга сарфлаяпсиз? Изоҳларда ёзиб қолдиринг. QALAMPIR.UZ'ни кузатишда давом этинг!


Мақола муаллифи

Теглар

газ ҳайдовчи бензин Ҳудудгазтаъминот Заправка навбат шохобча

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг