Қўлқоп машмашаси. Автобус ва метрода қўлқоп нега мажбурий?
Интервью
−
19 Октябрь 2020
10052Хабарингиз бор, жорий йил 19 октябридан жамоат транспортида турли юқумли мавсумий инфекциялар тарқалишининг олдини олиш ва йўловчилар саломатлигини асраш мақсадида Тошкент шаҳар жамоат транспорти (автобус, метро, йўналишли такси) хизматидан фойдаланганда йўловчиларнинг тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлиш тартиби жорий этилди. Республика махсус комиссиясининг ушбу қарори кўплаб эътирозларга сабаб бўлгач, қўлқоплар бепул берилиши айтилди.
Ушбу қарорнинг қабул қилинишига туғилган эҳтиёж ва уни амалга оширишдан мақсад қандай? Бу ҳақда Транспорт вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов маълумот берди.
Ушбу видеоинтервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Чарос Шодмонқулова, мухбир: — Жамоат транспортида қўлқоп ва ниқоб билан юриш ҳақидаги биринчи хабар эълон қилинганида, қўлқоплар пуллик ёки бепул тарқатилиши ҳақида маълумотлар йўқ эди. Ижтимоий тармоқда муҳокама бўлганидан сўнг эса бепул тақдим этилиши очиқланди. Нега бошиданоқ бепул бўлиши айтиб қўйилмади?
Наврўз Ашурматов, Транспорт вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари: — Тўғри таъкидлаб ўтдингиз Транспорт вазирлиги томонидан биринчи берилган баёнотда қўлқопларнинг пуллик ёки бепул тарқатилишига тўхталиб ўтилмаган эди. Таъкидлаш ўринлики, қўлқоп тақиб юриш тартибини жорий этишдан мақсад – унинг нима эканлигини тўғри англаб етишдир. Транспорт вазирлигининг асосий мақсади, йўловчиларни Тошкент шаҳрида жамоат транспортидан фойдаланиш вақтида, турли касалликлар, айниқса, пандемия шароитида коронавирусни юқтириб олишларининг олидини олиш эканини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз.
Агар эътибор бериб қарайдиган бўлсак, коронавирус инфекцияси одамларга ҳаво томчилари орқали, қолаверса, зарарланган юзалар орқали юқиши мутахассислар томонидан таъкидлаб келинади. Демак барчага маълумки транспорт воситалари, айниқса, жамоат транспортида, бир кунда неча минглаб аҳолининг фойдаланишини ҳисобга олган ҳолда, автобус ва метро вагонларида тутқичларни зарарланиш ҳолати хавфи анча юқори бўлади. Айнан мана шу чора орқали биз, юқорида айтилган хавфни, йўловчиларнинг касалланиш ва касалликни юқтириб олиш ҳавфини минимал даражага тушириш ва шаҳар жамоат транспортида хавфсиз ҳаракатланишини ташкил этишни мақсад қилганмиз.
Ч.Ш.: — Жамоат транспортида қўлқоп тақиш нега айнан пойтахтда жорий этилди?
Н.А.: — Агар эътибор бериб қарайдиган бўлсак, кўплаб давлатларда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатларининг ортиши кузатиляпти. Вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида кўплаб давлатлар қўшимча шахсий санитария тартибларини жорий этмоқда. Ўз-ўзидан маълумки, бугунги кунда йўловчиларнинг юқори оқими Тошкент шаҳридаги жамоат транспортларида ҳаракатланади. Айнан шу сабабли биринчи навбатда бу тартиб Тошкент шаҳрида жорий этилмоқда.
Ч.Ш.: — Комиссия нима учун айнан мана шу қарорга келди ва бу қайсидир корхонанинг ўтмай қолган маҳсулотини ўтказиш эмасми?
Н.А.: — Қўлқоплар тақилиши жорий этилиши ҳақидаги хабарнинг эълон қилиниши биланоқ, бунинг ортидан ОАВ ва блогерлар томонидан мавзуни турли-туман кўринишда талқин этиш ҳолатлари юзага келди. Шу ўринда бир нарсани айтиш жоиз: Республика махсус комиссияси сўнгги баёнотида ҳам жамоат жойларидан қўлқопда юриш тавсия этилган ва бу мажбурий этиб белгиланган эди.
Яхшилаб эътибор бериб қарасак, супермаркетларга кирганимизда ҳам қўлқоплар тақилади. Бундан кўзланган мақсад зарарланиш хавфини камайтириш. Бугунги кундаги вазиятдан келиб чиқиб, касалликка чалиниш суръатларининг ўсиб бориши нуқтайи назаридан, жамоат транспортида ҳам қўшимча тарзда айнан шу тартибни жорий этиш мақсадга мувофиқ деб кўрилди. Юқорида таъкидлаганимдек, фуқароларимизнинг жамоат транспортида касалликни юқтириб олиш хавфини минимумга тушириш мақсад қилинган. Яна бир нарсага эътибор қаратишингизни сўрардим, бугунги кунда бир беморнинг даволаниши учун 25-30 млн, ҳатто ундан ҳам ортиқ маблағ сарфланмоқда. Бу каби минимал профилактик тадбирлар ўтказган ҳолда зарарлантиришлар сонини камайишига эришишимиз мумкин
Ч.Ш.: — Бугунги кунда жамоат транспортида хизмат кўрсатаётган ходимларнинг ўзлари қанчалик карантин қоидаларига амал қилишяпти?
Н.А.: — Республика махсус комиссияси томонидан Транспорт воситалари учун белгиланган тартиблар бор. Ҳайдовчи ва чиптачилар ниқоб ва тиббий қўлқопда бўлишлари белгиланган. Бундан ташқари, автобус ва микроавтобуслар, йўналишли таксилар ҳам ушбу қоидаларга риоя қилиши шарт. Шунингдек метро вагонларининг доимий равишда дезинфекция қилиниши тартиби жорий қилинган. Ҳозирги кунда тартибларнинг барчаси амалда ташувчилар томонидан бажариб келинмоқда.
Ч.Ш.: — Жамоат транспортлари ҳар бир рейсдан сўнг дезинфекция қилиниши белгиланган, айрим ҳолларда шу ишлар амалга оширилаётганини кўрмаяпмиз.
Н.А.: — Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, жамоат транспортлари, автобус ва микроавтобуслар кунлик иш фаолиятини бошлашдан, автобус саройларидан чиқишдан аввал тўлиқ дезинфекция жараёнидан ўтади. Бундан ташқари ҳар бир автобус ўз йўналиши давомида, битта рейсни тугатганидан сўнг, охирги шоҳ бекатларида дезинфекция ва тутқичларни тозалаш ишлари амалга оширилади. Бу инсон омили билан боғлиқ жараён. Назорат кучайтирилган. Агар дезинфекция ишлари амалга оширилмаётгани каби ҳолатлар кузатилса, транспорт вазирлигининг 1167 қисқа ишонч телефонларига мурожаат қилишса бўлади.
Ч.Ш.: — ЖССТ ниқоб ва қўлқопни самараси паст эканини айтиб ўтган. Бу борада Ўзбекистон қайси тажрибаларга асосан ушбу амалиётни қўллаш қарорига келган?
Н.А.: — Эътибор бериб қарайдиган бўлсак, пандемия бошлангандан буён касалликка чалинувчилар оқими, тиббиёт ташкилотларига бўлаётган мурожаатлар юкламаларни камайтириш мақсадида аксарият давлатларда қўлқоп ва ниқобдан фойдаланиш тартиби жорий этилган. ЖССТнинг қўлқоп ва ниқобларнинг самараси паст дегани, умуман фойдаланиш керак, дегани эмас. Яна бир нарсага эътибор бериш керак, қўлқоп тақилгандан кейин, одам психологиясида қўлқоп билан юзга тегиш керак эмас деган фикр шаклланади. Ва ўз-ўзидан юз, кўз, бурунга тегилмайди. Бу эса психологик жиҳатдан ўзимизни касалликдан сақлашга олиб келади. Илмий тадқиқотларга кўра, одам бир соат давомида 20 маротаба юз қисмига қўли билан тегар экан. Қўлқоплар ва тиббий ниқоблардан тўғри фойдаланганда, уларнинг самараси бўлади.
Ч.Ш.: — Вирус юзаларда сақланади. Кун давомида транспорт бекатларида қўлқопларнинг сочилиб ётганига гувоҳ бўляпмиз. Уларнинг утилизацияси қандай амалга ошириляпти?
Н.А.: — Тўғри таъкидлаб ўтингиз, бир икки кун давомида қўлқопларни тақиш тартиби жорий этилиши ортидан, айрим метро ва автобус бекатлари атрофида ўрнатилган чиқинди қутилар тўлиб кетганига гувоҳ бўлдик. Бугунги кунда айнан шу масалани ҳал этиш мақсадида ҳар бир метро бекатларига тушиш жойларида катта ҳажмда чиқинди қутиларини ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда. Яна шуни қайд этиш лозимки, гигиеник воситалардан фойдаланаётган ҳар бир фуқаро улардан фойдалангандан сўнг, чиқинди қутиларига ташлаши керак. Инсон онгли мавжудот, бир чиқинди қутиси тўлган бўлса, уни устига эмас, балки сал узоқда турган қутига солиши мақсадга мувофиқ.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь