Бу аҳолининг юзига туширилган зўр тарсаки бўлди - Олимжон Ўсаров
Жамият
−
17 Октябрь 2020
32887Хабарингиз бор, кеча, 16 октябрь куни Транспорт вазирлиги Тошкентда жамоат транспортидан фойдаланишда йўловчилар ниқоб билан бирга мажбурий равишда қўлқоп ҳам кийиши тартиби ўрнатилганини эълон қилди. Кутилмаганда томдан тараша тушгандек айтилган бу талаб одамларнинг табини тирриқ қилмай қолмади. Нега дейсизми? Чунки транспортга миниш унинг йўл ҳақидан қимматга туша бошлади-да.
Вазирликнинг янги қоидасига собиқ депутат, журналист Олимжон Ўсаров ўз муносабатини билдириб ўтди. У вазирликнинг янги чекловини пандемия ва карантин сабаб иқтисодий аҳволи баттар қийинлашиб қолган аҳолининг юзига туширилган зўр тарсаки бўлди, деб баҳолаган.
“Ноилож, эҳтиёт бўлинг азизлар, яна рейдлар, пойлашлар ва жарималар бошланди!”, дейди Ўсаров. Унинг бундай дейишига асос ҳам йўқ эмас.
Кеча вазирлик қўлқоп қоидасини эълон қилганда махсус ишчи гуруҳи транспорт инфратузилма объектлари ва жамоат транспортида кучайтирилган тартибда назорат тадбирларини ўтказишини ҳам қистириб ўтганди.
“Бошқача айтганда, тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопда бўлмаганларни ушлаб олишса, аҳволига вой!”, дея одамларни огоҳликка чақирган Олимжон Ўсаров.
У сўзида давом этиб, карантин чекловларини белгилаб келаётган Республика махсус комиссияси қарата шундай дейди:
“Эҳ, ҳурматли комиссия аъзолари! Ўзингиз жамоат транспортида юрмайсиз-да. Ҳаттоки, жамоат транспортидан ким фойдаланишини ҳам билмайсиз.
Улар — Сиздаги каби хизмат машинаси йўқлар, таксида ҳам “кататса” қилиш имкони бўлмаган ҳамшаҳарларимиз. Аслида, улар 2 соат ишлатиши лозим бўлган тиббий ниқобни ювиб-ювиб, бир неча кун ишлатиб юрган одамлар. Энди уларга тиббий ниқоб билан бирга тиббий қўлқопда бўлишни мажбур қиляпсиз.
Аслида бир дона тиббий қўлқоп қанча туширишини биласизми? 5 фарзанди жамоат транспортида мактаб ва институтга қатнайдиган ота бир кунда неча сўмлик тиббий қўлқоп харид қилиши кераклигини-чи? Ва энг муҳими, уни олиб беролмаслигини-чи?
Шу пайтгача қабул қилинган қарорларни эсланг! Аввал уйда ўтир, дейилди, кўчага чиққанлар жаримага тортилди. Кейин кўчага чиқинглар, уйда юқиш хавфи баландроқ, деди жаноб Нурматов.
Дастлаб ҳамма жойда хлорли дизенфекция коридорлари ўрнатиш талаб этилди. Миллардлаб маблағ сарфланиб, кордидорлар ўрнатилгач эса, бу самарасиз восита, уни йўқотинглар, дейилди.
Энди навбат тиббий қўлқоп бизнесига келдими, жаноблар?!”
P.S.: Олимжон Ўсаровнинг айтганлари, афсуски, кўз ўнгимизда ўтган 5-6 ой ичида юз берди. Бу ишларнинг бошида турганлар эса хатосини тан олишни истамаяпти ҳам. Аксинча, зўрма-зўраки янги талаблар ўйлаб топиляпти, унинг асослилиги тушунтирилмаяпти ҳам. Балки бу талаблар ортида ижтимоий тармоқларда янграётганидек кимларнингдир манфаати ётган бўлса не ажаб.