Тошкент шаҳар ҳокимлиги тилга кирди. Уюшмага билдирилган таклиф ўз кучини йўқотгани айтилмоқда

Жамият

image

Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан хафалиги, ҳоким Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда қабул қилинган Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасини бино билан таъминлаш тўғрисидаги қарорини бажармай келаётганини айтганди. Орадан 5 кун ўтиб ҳокимлик тилга кирди ва Ўсаровга жавоб қайтарди. 

Ҳокимлик расмий баёнотида маълум қилинишича, Ортиқхўжаев иш бошлаган давр – 2018 йилнинг июль ойида уюшмага учта бинодан жой кўрсатилган. Бироқ, уюшмадан жавоб бўлмаган. Ҳокимлик баёнотида шундай дейилади:

“Сўнгги йилларда журналист ва ижодкорларга алоҳида эътибор қаратилиб, кўплаб имконият ва имтиёзлар яратилмоқда. Президентнинг 2017 йил 10 августдаги “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам ижодкорлар учун мавжуд шароитларни янада яхшилаш ва имтиёзлар белгиланган. 

Хусусан, қарорда Тошкент шаҳар ҳокимлигига ҳам маълум вазифалар юклатилган.

2021 йилнинг 23 сентябрь куни қатор ОАВлари Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаровнинг “5 йилдан бери Президент қарори ижроси таъминланмаяпти” деган фикрларини келтирган.          

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Президентнинг юқоридаги карори ижросини таъминлаш мақсадида ўша йилнинг ўзидаёқ тегишли чора-тадбирларни амалга оширган. 

Жумладан, Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Ислом Каримов кўчаси, 16-А уй биноси бошқа давлат идоралари билан тўлганлиги сабабли, Журналистлар ижодий уюшмасига Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Н. Максумов томонидан имзоланган хат (2018 йил 6 июлда 03-780 сонли)га асосан учта бино таклиф этилган.

Хусусан, Шайхонтоҳур тумани, Фурқат кўчаси 1-уй манзилидаги бино Мирзо Улуғбек тумани Мустақиллик шоҳкўчаси 71-уй манзилида жойлашган бинонинг 4-қавати ва Яшнобод тумани 22-ҳарбий шаҳарчада жойлашган бино шулар жумласидандир. 

Аммо Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси таклифга нисбатан ҳеч қандай жавоб бермаганлиги сабабли ўша пайтда бу масала очиқ қолган”. 

Ҳокимлик баёнотида таъкидланишича, ҳозирги кунда юқоридаги учта таклиф ҳам ўз кучини йўқотган. 

“Сабаби шаҳарда катта ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Кўплаб бинолар бузилди, кўпларининг ўрнига янгилари бунёд этилди. Буни Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров билиши, юқоридаги масала юзасидан фикр билдиришдан аввал масалани ўрганиши лозим эди. 

Тўғри, Олимжон Ўсаровнинг уюшмага раҳбар бўлганига энди тўрт ой бўлди. Бу вақт мобайнида ҳамма нарсага улгуриш, ҳамма нарсани билиш қийин. Аммо “хафа бўлдим” деб ОАВда чиқишдан аввал Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилиши мақсадга мувофиқ бўлган бўларди”, дейилади баёнотда.

Ҳокимлик жавоб баёнотида муаммо бўйича тугал фикр айтилмаган. Келгусида Президент қарори бажарилиб, уюшмага қарорда айтилган ёки бошқа бино тақдим этилиши мумкинлиги хусусида ҳам сўз бормаган. Ҳокимликнинг уюшмага берган таклифлари кучини йўқотгандир, лекин Президент қарори ўз кучини йўқотганича йўқ. Наҳот, буни ҳокимлик корчалонлари англаб етмаяпти?!


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Олимжон Ўсаров

Баҳолаганлар

203

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг