Энди уй олганлар алданмайдими? Ҳайдовчилар огоҳ бўлинг!

3-саҳифа

−

Reklama
0:00

Энди уй олмоқчи бўлганлар пулларини тўғридан тўғри қурувчига бермайди

Ўзбекистонда улушли қурилиш соҳасида янги тартиб жорий этилмоқда. Энди уй-жой сотиб олувчилар маблағларини тўғридан тўғри қурувчига эмас, балки банкдаги махсус ҳисоб рақамига ўтказади. Бу ҳақда 10 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилган “Кўп квартирали уйларни ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида сўз боради.

Президентнинг 2025 йил 27 январдаги фармонига мувофиқ, улушли қурилишда эскроу тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда.

Эскроу тизимига кўра, фуқаро уй сотиб олишда пулни тўғридан тўғри тадбиркорга эмас, балки банкка тўлайди. Қурилиш белгиланган талаблар асосида амалга оширилиб, объект фойдаланишга топширилганидан кейингина маблағлар қурувчига ўтказиб берилади.

Бундай шароитда тадбиркор уйларни аҳолидан олдиндан тушган маблағлар ҳисобига эмас, балки ўзининг шахсий маблағлари ёки банк кредитлари эвазига қуриши керак бўлади.

Янги тизимнинг асосий мақсади – хонадон сотиб олаётган фуқароларнинг маблағларини ҳимоя қилиш ва қурилиш якунланмай қолиши оқибатида пулларидан айрилиш хавфини камайтиришдир.

Бироқ тизимнинг иқтисодий жиҳатлари ҳам мавжуд. Агар эскроу тизими орқали уч томонлама шартнома имзоланиб, жараёнга банк жалб этилса, тадбиркорлар банк кредитлари ёки хизматлари учун фоиз тўлашига тўғри келиши мумкин. Бу эса қурилиш харажатларининг ортиши ва натижада уй-жой нархларининг янада қимматлашишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.

Ўзбекистонда тўққиз ойда 3 391 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди

Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь – сентябрь ойларида 3 391 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилди. Бу бир кунда ўртача 12 та ЙТҲ содир бўлганини англатади. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.

Ҳудудлар кесимида энг кўп йўл-транспорт ҳодисаси Самарқанд вилоятида – 471 та, энг кам ҳолат эса Сирдарё вилоятида – 77 та қайд этилган.

Бошқа ҳудудлардаги кўрсаткичлар қуйидагича: Тошкент вилоятида 459 та, Тошкент шаҳрида 458 та, Наманган вилоятида 342 та, Фарғона вилоятида 340 та, Андижон вилоятида 219 та, Қашқадарё вилоятида 215 та, Сурхондарё вилоятида 199 та, Жиззах вилоятида 145 та, Қорақалпоғистон Республикасида 140 та, Хоразм вилоятида 127 та, Навоий вилоятида 117 та ва Бухоро вилоятида 82 та ЙТҲ содир бўлган.

Қайд этилган ҳодисалар оқибатида 5 581 нафар киши жабрланган. Бу эса бир кунда ўртача 20 нафардан ортиқ фуқаро йўл-транспорт ҳодисалари туфайли жароҳат олганини кўрсатади.

Таққослаш учун, 2025 йил давомида Ўзбекистонда жами 9 226 та ЙТҲ қайд этилган. Демак, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида содир бўлган ҳодисалар ўтган йилги умумий кўрсаткичнинг 36,7 фоизини ташкил этган.

Шунингдек, 2025 йил давомида ЙТҲлар оқибатида 8 901 нафар киши жароҳатланган бўлса, 2026 йилнинг тўққиз ойида бу кўрсаткич 5 581 нафарга етган. Бу ўтган йилги йиллик кўрсаткичнинг 62,7 фоизига тенг.

Ўзбекистонда ҳайдовчилар учун жарималар бўйича янги тартиб тасдиқланди

Ўзбекистонда ҳайдовчилар учун жарималар ва йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатларини расмийлаштириш бўйича янги тартиб тасдиқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирининг жорий йил 4 сентябрдаги буйруғи билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги йўриқномада белгиланган.

Унга кўра, йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича маъмурий баённомалар, асосан, ЙҲХХнинг «Маъмурий амалиёт» электрон тизими орқали расмийлаштирилади. Ҳайдовчилар, гувоҳлар ва бошқа иштирокчилар электрон баённомаларни электрон имзо ёки бармоқ изи орқали тасдиқлаши мумкин.

Янги тартибга мувофиқ, ЙҲХХ ходимларининг қоидабузарлардан жойида жарима олиши қатъиян тақиқланади. Ҳайдовчи маъмурий жарима тўғрисидаги қарор нусхасини олган кундан бошлаб 10 кун ичида юқори турувчи орган ёки судга шикоят қилиши мумкин. Белгиланган муддатда шикоят берилган тақдирда, қарор ижроси шикоят кўриб чиқилгунига қадар тўхтатиб турилади. Бунда маъмурий қамоқ тўғрисидаги қарорлар мустасно ҳисобланади.

Агар шикоятни кўриб чиқиш жараёнида жарима тўғрисидаги қарор бекор қилинса, ундирилган маблағ қонунчиликда белгиланган тартибда фуқарога қайтарилади.

Шунингдек, айрим йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун асосий жазо билан бирга жарима баллари ҳам ҳисобланади. Бир қоидабузарлик учун энг кўпи билан икки балл берилади. Жарима баллари бир йил давомида ҳисоблаб борилади ва ушбу муддат тугагач, автоматик равишда ўчирилади.

Агар ҳайдовчининг жарима баллари бир йил ичида 12 баллдан ошса, қўшимча жазо масаласини ҳал қилиш учун иш материаллари судга электрон шаклда юборилади.

Йўриқномада жаримани ўз вақтида тўлаш билан боғлиқ талаблар ҳам белгиланган. Хусусан, жарима тўғрисидаги қарор чиқарилганидан кейин 60 кун ичида тўлов амалга оширилмаса, транспорт воситасини ушлаб туриш чораси қўлланилиши мумкин. Бироқ ҳайдовчи жаримани электрон тўлов тизими, мобил илова ёки банк кассаси орқали тўлиқ тўлаб, тўлов тизимда тасдиқланса, автомобиль жарима майдончасига жойлаштирилмайди.

Бундан ташқари, белгиланган истиснолардан ташқари ҳолатларда жарима ҳақидаги қарор олинганидан кейин 15 кун ичида унинг 50 фоизи ёки 30 кун ичида 70 фоизи тўланса, қолган қисмини тўлашдан озод этиш тартиби назарда тутилган.

Ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидабузарликларига оид маъмурий ишлар юзасидан яшаш жойидан қатъи назар, исталган ҳудудий маъмурий амалиёт марказига мурожаат қилишлари мумкин. Марказларда электрон навбат тизими ташкил этилади.

Мурожаатларни кўриб чиқишда фуқаролардан ортиқча ҳужжат талаб қилинмаслиги, зарур маълумотлар эса тегишли давлат идораларидан электрон тизим орқали олиниши белгиланган.

Мазкур йўриқнома расмий эълон қилинган кундан икки ой ўтиб, 2027 йил 6 январдан кучга киради.

Қўқондаги меҳмонхонада 13 ёшли қизга нисбатан жинсий зўравонлик содир этилгани маълум қилинди

Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридаги меҳмонхонада 13 ёшли вояга етмаган қизга нисбатан жинсий зўравонлик содир этилгани маълум қилинди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 28 сентябрь куни Фарғона вилоятининг Риштон туманида яшовчи, 2012 йилда туғилган вояга етмаган қиз Қўқон шаҳридаги меҳмонхонада жинсий зўравонликка учраган.

Мазкур ҳолат юзасидан 29 сентябрь куни Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 128-моддаси 3-қисми “а” банди – 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши доирасида гумонланувчи ушланиб, 30 сентябрь куни унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича тегишли экспертизалар тайинланиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Билдирилишича, вояга етмаган жабрланувчининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг руҳий ҳолатини тиклаш ҳамда зарур ёрдам кўрсатиш мақсадида унга психологик ва юридик хизматлар бириктирилган.

Мазкур ҳолат Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг масъул ходимлари назоратига олинган.
 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг