Қўқонда оммавий тартибсизлик бўлаётгани ҳақида хабар тарқатганлар қамалди (видео)
Жамият
−
03 Январь 7237 2 дақиқа
Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида оммавий тартибсизлик бўлгани, машина ёқиб юборилгани ҳақида хабарлар тарқалиб, ушбу хабарлар вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан рад этилганди.
Янги йил байрами куни пиротехника воситаларидан фойдаланиб, мазкур ҳолат бўйича асоссиз ахборот тарқатган шахслар 10 суткага маъмурий қамоққа олинди. Бу ҳақда Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, 2025 йил 31 декабрь куни Қўқон шаҳар Шарқий кўчасида шу ҳудудда яшовчи айрим фуқаролар Янги йил байрамини нишонлаш мақсадида йўлнинг қатнов қисмига чиқиб, пиротехника воситаларидан фойдаланиб, ижтимоий тармоқларга ёлғон хабар тарқатган.
Олиб борилган текширувлар давомида аниқланишича, шу куни Шарқий кўчасида фуқаролар Янги йил арчаси байрам тадбиридан сўнг уйларига қайтиб кетаётган пайтда тўрт нафар шахс йўлнинг қатнов қисмида пиротехника воситаларини жамоатчилик тартибларини бузган ҳолда ишлатган ва аҳолининг тинчлигини бузган.
“Пиротехника воситалари портлаётган пайтда бақир-чақир қилиб, аҳолининг тинчлигини бузганим учун қилган ишимдан пушаймонман. Тенгдошларимга ҳам бу каби ҳаракатларни такрорламасликни тавсия қиламан”, дейди ҳуқуқбузарлардан бири.
Шунингдек, мазкур фуқаролар воқеа жараёнини қўл телефонига тасвирга олиш вақтида ёлғон маълумот ва шарҳлар бериб, видеони Instagram саҳифасига жойлаштирган ҳамда Telegram орқали танишларига тарқатган. Оқибатда ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳрида гўёки оммавий тартибсизликлар содир бўлгани ҳақида асоссиз хабарлар тарқалиб, фуқаролар орасида хавотир уйғотган.
“Ҳодиса вақтида хизматда бўлган ходимлар ва хизмат автомашиналарини тасвирга олиб, саҳифамга жойладим. Бу видеолар кенг муҳокамаларга сабаб бўлгач, уларни тезда ўчириб ташладим”, дейди бошқа бир ҳуқуқбузар.
Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида барча шахслар аниқланиб, уларга нисбатан Қўқон шаҳар ИИБ томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-(майда безорилик), 185-1-(пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) ва 202-моддалари (ёлғон ахборот тарқатиш) асосида ҳужжатлар расмийлаштирилиб, судга юборилган.
Суд қарори билан тўрт нафар шахснинг ҳар бирига 10 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қўқонда Янги йил кечаси мушакбозлик уюштирган шахслар 15 суткага қамалгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси