“Қўғирчоқбознинг кимлигини яхши биламиз”. Эрдўған давлат тўнтариши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди
Олам
−
15 Май
10140Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған давлат тўнтаришига тайёргарлик кўришда айбланаётган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари устидан олиб борилаётган терговга изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, расмийлар тахмин қилинаётган фитна ортида ким турганидан яхши хабардор. Бу ҳақда “En Son Haber” хабар берди.
Эрдўған бу мавзуни ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партияси фракцияси йиғилишида кўтарди.
“Биз қўғирчоқбозни ҳам, бу спектаклни ёзганни ҳам яхши биламиз”, деган Президент.
Лекин Эрдўған бошқа маълумотларни очиқламади. У Туркия “бу тузоққа тушмаслигини” таъкидлади ва қонундан ташқарига чиққан ҳар бир киши жавобгарликка тортилишига ваъда берди.
Туркия ОАВлари кеча, 14 май куни иш доирасида фаолияти тўхтатилган бир неча полициячининг турар жойларида тинтувлар ўтказилганини ёзди. Улар “Айҳан Бора Каплан” жиноий гуруҳига алоқадорликда айбланмоқда. Шу фонда Туркия ички ишлар органларида оммавий ишдан бўшатишлар содир бўлди. Турк миллатчи партияси етакчиси Девлет Бахчелининг айтишича, гап 2016 йилдаги воқеаларга ўхшаш давлат тўнтаришига уриниш ҳақида кетмоқда.
Маълумот учун, 2016 йилда Туркияда давлат тўнтаришига уриниш бўлиб, бир неча соат ичида бостирилган. Мамлакат бўйлаб тўқнашувлар оқибатида 241 киши ҳалок бўлган, 2 мингдан ортиқ киши тан жароҳати олган. Туркияда давлат тўнтаришини ташкиллаштириш ва унга алоқадорликда гумонланиб 40 мингдан ортиқ одам ҳибсга олинган. Мамлакатда бир неча ой давомида фавқулодда ҳолат жорий этилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эрдўған разведка ва Адлия вазирлиги раҳбарлари билан фавқулодда йиғилиш ўтказгани маълум қилинганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь