Қуддус ва Ғазода болалар эмас, балки инсонийликнинг ўзи ўлмоқда — Эрдўған

Олам

image
Эрдўған Байденга: “Қонли қўлларингиз билан тарих ёзяпсиз” north_east

Эрдўған Байденга: “Қонли қўлларингиз билан тарих ёзяпсиз”

Бугунги кунда Фаластин заминида давом этаётган зўравонликлар оқибатида фақат фаластинликлар эмас, балки инсонийлик ўлдирилмоқда. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 19 май куни мамлакат пойтахти Анқарада бўлиб ўтган спорт телеканалининг тақдимот маросимида айтиб ўтди.

Бугунги маросимда Эрдўған Туркия минтақадаги вазиятга ҳам бефарқ қараб туролмаслигини таъкидлади.

“Аҳолиси асрлар давомида аждодларимиз ҳимояси остида тинчлик ва тотувликда яшаб келган кўплаб мамлакатларда бугун нафрат, зўравонлик ва можаро ҳукмронлик қилмоқда”, дейди Эрдўған.

Минбарда турган Туркия Президенти бир қатор мамлакатларнинг эътиборини Анқаранинг Яқин Шарқдаги вазиятга нисбатан муносабатига қаратган.

“Эрдўған бундай гапирмаслиги керак, дейишади. Нима қилишим керак? Қарсаклар чалайми? Туркия зўравонликни кўрган ҳар бир минтақада овозини кўтаради”, дейди Президент.

Унинг сўзларига кўра, бугун Фаластинда бутун дунё ҳамжамияти олдида юзлаб тинч аҳоли вакиллари ўлдирилмоқда. Уларнинг аксариятини аёллар ва болалар ташкил қилади. Бундан ташқари, сўнгги турдаги қуроллар қотиллик воситаси сифатида ишлатилмоқда.

“Қуддус ва Ғазода болалар эмас, балки инсонийликнинг ўзи ўлмоқда! Исроилнинг бегуноҳ фаластинликларга қарши зўравонликларига кўз юмаётганлар аслида ўз мамлакатларида фожиа учун замин яратмоқда. Агар бугун Қуддусдаги фожиаларга жим қараб турсак, эртага биз учун муқаддас ҳисобланадиган бошқа шаҳарлар ҳам шундай бўлади”, дейди Президент.

Эрдўғаннинг таъкидлашича, ўзларини демократия, инсон ҳуқуқлари, адолат ва хавфсизлик тарафдори сифатида тутган мамлакатлар ҳамда халқаро ташкилотлар бугун Фаластиндаги қонунбузарликларни жимгина кузатмоқда.

Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, энг кучлини ҳар доим ҳақ деб ҳисоблаш тубдан нотўғри ёндашувдир. 

“Туркия адолат кимнинг томонида бўлса, ўша кучли бўлган дунё тартибини шакллантириш учун барча саъй-ҳаракатларни қилмоқда. Агар шафқатсизликка қарши туриш ва мазлумларни ҳимоя қилиш учун қандайдир ҳақ тўлаш керак бўлса, Туркия буни иккиланмасдан қилишга тайёр. Кўриниб турибдики, агар бугун тарих томонидан бизга юклатилган вазифаларни бажармайдиган бўлсак, бизнинг ерларимизга даъво қилганлар бундан ҳам баттарроқ безбетликни намоён этади”, дейди Эрдўған.

Эрдўған Фаластин давлатининг инқрозига биринчи марта тўхталаётгани йўқ. Эрдўған ушбу масалада фаол: бир қатор исломий давлатлар раҳбарлари билан Исроилнинг хатти-ҳаракатларини муҳокама қилди, Арманистонга қарши урушда Туркия Озарбайжонни қандай қўллаган бўлса, Исроилга қарши курашда Фаластинни ҳам шундай қўллашини маълум қилди

Туркия раҳбари бундай аввал ҳам жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини ушбу мавзуга қаратган. Жумладан, 2019 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 74-мажлисида Эрдўған нутқ сўзлаб, Исроилнинг Фаластинни бутунлай эгаллаб олаётгани, БМТ эса бунга томошабин бўлиб турганини қоралади. Ўшанда Эрдўған минбарга Исроил ва Фаластин тупроқлари акс этган харита билан чиққан. Ундаги тўрт суратда 1948 йил – Исроил давлати ташкил топгандан буён Фаластин ерларини қанчалик эгаллаб бораётгани тасвирланган эди.

Исроил-Фаластин можаросининг кескинлашиши

Жорий йилнинг 7 май – Рамазон ойининг охирги Жума куни, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди атрофида тартибсизликлар бошланди. Бунга Исроил полицияси томонидан фаластинлик араблар таровеҳ намозини ўқиётган ушбу масжидга ҳужум қилингани сабаб бўлди. Бундан ташқари, Исроил суди Шайх Жарроҳ маҳалласида яшовчи араб оилаларини кўчириш тўғрисида қарор чиқарди. Чунки бу ерларга яҳудийлар даъво қилиб келади. 

Шундан сўнг, Ғазони назорат қилувчи фаластинликларнинг ҲАМАС ҳаракати Исроилни огоҳлантирди: Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ва Шайх Жарроҳ маҳалласидан аскарларни олиб чиқиб кетиш учун маҳаллий вақт билан соат 18:00 гача муддат қўйди.

Шарт бажарилмагач, 10 май куни ушбу ҳаракат Исроилнинг бир қатор шаҳарларини 45 та ракета билан ўққа тутди. Бироқ Исроилнинг ҳаво ҳужумига қарши “Темир гумбаз” мудофаа тизими ушбу 45 ракетанинг катта қисмини осмоннинг ўзида зарарсизлантирди. Баъзилари эса аҳоли яшаш пунктига тушди. Вақт ўтиши ва икки ўртадаги зиддият ортиб бориши билан бу сценарий кўп марта такрорланди. ҲАМАС ракета учираверди, Исроил унинг катта қисмини зарарсизлантириб, қарши ҳужум билан жавоб қайтараверди.

Исроил судининг биргина қарори ва масжидга қилинган ҳужум шундай шиддатли ҳарбий ҳаракатларни келтириб чиқарди. Оқибатда эса Ғазо секторида яшовчи 126 араб ҳалок бўлди, 1000 га яқин жароҳат олди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

163

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг