Қўчқоров давлат бюджетидаги дефицитни яширяптими?
Жамият
−
07 Август 2023
9819Ўзбекистонда давлат бюджетининг ярим йиллик дефицити 29 трлн сўмдан ёки ЯИМнинг 6,1 % дан ошиб кетган. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги маърузасида маълум қилди.
Аммо у ўз маърузаси давомида “дефицит” деган сўзни тилга олмади.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумати томонидан ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) ўсиши 5,6 %, саноат ўсиши 5,6 % хизматлар соҳаси 6,4%, қишлоқ хўжалиги 3,8 % ни ташкил этди. Давлат бюджети даромадлари қарийб 100 трлн сўмни ташкил этди. Шундан 76 трлн сўми солиқ ва 24 трлн сўми божхона тушумлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Давлат бюджети харажатлари жами 129 трлн сўмдан ошди”, дея бюджет дефицитини “силлиқлаб” кетди Қўчқоров.
Бу эса шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда давлат даромадлари ўтган йилнинг ярми билан солиштирилганда 8,1 % га ўсган. Харажатлар эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25,2 % га юқорилаган.
Молия вазири ўз маърузаси давомида харажатларнинг 65 трлн сўми ижтимоий соҳаларга йўналтирилгани ҳақида айтиб, бошқа сарфларга аниқ тўхталмади.
Шунингдек, мажлисда ўтирган депутатларнинг бирортаси ҳам бюджет харажатларининг ошишига сабаб ва ушбу дефицитнинг қайси манбалар ҳисобига қопланишига изоҳ талаб қилмади.
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, охирги йилларда Ўзбекистонда бюджет интизоми бутунлай издан чиқиб бўлган.
“Бюджет кодекси қоидаларига кўра, 2023 йил бюджетига оид қонунга аллақачон ўзгартиришлар киритилиши керак эди. 2022 йил бюджетига йил тугашига бир кун қолганида 2022 йил 30 декабрда ўзгартиришлар киритилди.
Охирги йилларда Ўзбекистонда бюджет интизоми бутунлай издан чиқиб бўлган, амалга оширилган харажатлар ишлатиб бўлингач, яъни постфактум маъқулланиши нормага айланган. Навбатчи депутатлар бюджет ижроси ва мундарижаси бўйича моҳиятан биронта савол ё эътироз билдиришмаган”, деган у ўзининг Telegram-каналида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг 2023 йилги давлат бюджети атиги бир ҳафта ичида кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан тасдиқлаб юборилганди. Бунга эътироз билдирган ўша вақтда депутат Расул Кушербоев эса қонунни синчиклаб ўрганишига имкон берилмаганини айтиб, QALAMPIR.UZ’га интервью берган. Шундан сўнг у буни “кўзбўямачилик” деб атаб, депутатлик мандатини ташлашга қарор қилганди.
LiveБарчаси