Қозоғистоннинг собиқ бош вазири “видо мактуби”ни ёзди
Олам
−
06 Февраль
12808Қозоғистоннинг собиқ бош вазири Алихон Смаилов Вазирлар Маҳкамасини республика учун энг муҳим сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилаётган мураккаб даврда бошқарганини айтди.
“Аввало, Президент Қосим-Жомарт Кемелевич Тўқаевга ўта оғир даврда Қозоғистон ҳукуматини бошқаришга ишонч билдиргани учун чуқур миннатдорлик билдираман. Бу икки йил жамият учун бурилиш даври бўлди. Давлат раҳбари янги, адолатли Қозоғистон қуришга қаратилган энг муҳим сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни бошлади. Ҳукумат фаолияти ана шу ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш, мамлакатимизнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга қаратилган эди”, деб ёзди Смаилов ўзининг Facebook’даги саҳифасида.
У Ҳукумат ва маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг келишилган ҳаракатлари туфайли муайян натижаларга эришилганини таъкидлади.
“Ўтган йил якунлари бўйича иқтисодий ўсиш 5,1 фоизни ташкил этди, барча асосий тармоқлар ижобий динамикани кўрсатди. Инфляция 2 баробар камайди. Кетма-кет иккинчи йил тўғридан тўғри хорижий инвестициялар оқими сўнгги ўн йилликдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлди: унинг йиллик ҳажми 26-28 миллиард доллар даражасида бўлди”, деб тушунтирди Смаилов.
Унинг сўзларига кўра, ўтган йили Миллий жамғарма маблағлари 4 миллиард долларга ортиб, 60 миллиард долларга етган. Рейтинг агентликлари миллий иқтисодиётнинг суверен рейтинги ва инвестиция ишончлилигини тасдиқлади.
“Ҳукуматдаги барча ҳамкасбларимга, шунингдек, депутатлик корпусига биргаликда ва самарали меҳнати учун самимий миннатдорлик билдираман”, деб ёзади собиқ бош вазир.
Ҳукуматнинг истеъфога чиқиши
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Президенти Алихон Смаилов бошчилигидаги ҳукумат истеъфосини қабул қилган, бу қарорнинг сабаблари кўрсатилмаган. Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг биринчи ўринбосари Роман Скляр вақтинча Бош вазир лавозимини эгаллади. Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси аъзоларига янги ҳукумат тасдиқлангунга қадар ўз вазифаларини бажаришда давом этиш топширилди.
Тўқаев Смаиловни 2022 йил январида Вазирлар Маҳкамаси раҳбари лавозимига тайинлаган ва 2023 йилнинг мартида парламент қуйи палатасига сайловлардан сўнг уни қайта тайинлаган эди.
Мамлакат раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, президент 7 феврал куни ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишини ўтказади, унда республикани ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари сарҳисоб қилинади ва истиқболдаги режалар белгилаб олинади.
LiveБарчаси