Қозоғистонни танқид қилган россиялик депутат мамлакатга киритилмади
Олам
−
22 Май 2023
10730Россия Давлат Думаси депутати, МДҲ, Евроосиё интеграцияси ва ватандошлар билан алоқалар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Константин Затулин ташрифининг Қозоғистон томонидан маъқулланмагани сабаб мамлакатга киритилмади. Бу ҳақда “Orda.kz” хабар берди.
Қайд этилишича, муаммо Россия Ташқи ишлар вазирлигининг вазиятга аралашуви билан ҳал қилинган.
Маълумот учун, ўтган йилнинг июнь ойида Затулин Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг мамлакат ДХР ва ЛХРни тан олмаслигини маълум қилганига жавобан “Говорит Москва” радиостанциясига берган интервьюсида Россия иттифоқчилари шерикликка "буфет каби муносабатда бўлишлари”ни айтганди.
“Улар, асосан, руслар яшайдиган бир қатор вилоятлар, аҳоли пунктларининг Қозоғистон деб аталган ҳудудга умуман алоқаси йўқлигини жуда яхши билишади. Биз ҳамма жойда ва ҳар ерда, шу жумладан Украинага нисбатан ҳам айтамиз: агар бизда дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик бўлса, унда ҳудудий масалалар кўтарилмайди. Агар бундай бўлмаса, Украина мисолида бўлгани каби ҳаммаси бўлиши мумкин”, деган эди депутат.
Ўтган йилнинг сентябрь ойида “Московский комсомолец” нашрига берган интервьюсида эса Затулин қозоқ банкларининг МИР карталари билан ишлашдан бош тортиши ҳақида фикр билдирган. У мамлакат ушбу ҳаракат билан “катта таваккал” қилганини таъкидлаган.
Қозоғистон парламентида россиялик депутатнинг баёноти “нодўстона” ва “провокацион” деб баҳоланган.
Ўтган йилнинг октябрида, Арманистон ҳам Затулиннинг ташрифини унинг баёнотлари туфайли номақбул деб ҳисоблаган. Маълумотларга кўра, Затулин оммавий интервьюларида Арманистонни 44 кунлик уруш (Иккинчи Қорабоғ уруши)даги мағлубиятда бир неча бор айблаган.
LiveБарчаси