Қозоғистонликлар Дариға Назарбоеванинг “пайига тушди”
Олам
−
11 Февраль 2022
11408Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг қизи Дариға Назарбоева зудлик билан парламент депутатлигидан истеъфога чиқиши талаб қилинган жамоавий мурожаатга имзо йиғиш бошланди. Бу ҳақда КазТАГ маълум қилди.
“Қозоғистон Биринчи Президентининг тўнғич қизи Дариға Назарбоеванинг истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақидаги масала анчадан бери кун тартибида бўлиб келган, бироқ Назарбоева Марказий сайлов комиссиясига расмий ариза топширмаган. Унинг ёрдамчисига кўра, Дариға Назарбоева коронавирус билан касалланган, шунинг учун у таътилида. Баъзи манбалар унинг Дубайда эканлигини айтди. Биз Дариға Назарбоеванинг истеъфосини талаб қиламиз!”, дейилади бугун, 11 февраль куни чоп этилган петицияда.
Аввалроқ, “Нур Отан” партияси депутати Айдос Сарим Назарбоевнинг қизи январь воқеаларидан кейин истеъфога чиқиши кераклигини айтган эди.
Маълумот ўрнида, парламент депутати Дариға Назарбоева январь ойида бўлиб ўтган талатўплардан бери палата мажлисларига келмаяпти. Унинг ёрдамчиси айни вақтда Дариға Назарбоева маошсиз таътилда эканини айтган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил йилнинг 2 май куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Сенат Раиси Дариға Назарбоеванинг ваколатини тугатиш тўғрисида фармонни имзолаганди. Шунингдек, унинг хизматлари учун миннатдорлик билдирган.
Дариға Назарбоева 2019 йилда отаси президентликдан истеъфога чиққач, Сенат раиси этиб сайланган эди. Ундан аввалги Сенат раиси Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакат Президенти бўлганди.
LiveБарчаси