Қозоғистондан Ўзбекистонга қатнов вақти қисқариши кутилмоқда
Олам
−
10:11 2501 1 дақиқа
Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида бошланган Сариоғаш айланма йўли қурилиши Ўзбекистонга автомобилда қатновни тезлаштириши кутилмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Вазирлар Маҳкамаси хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур лойиҳа Туркистон вилоятида транзит транспортини шаҳар ташқарисига чиқариб, ички йўллардаги юкламани камайтиради ҳамда Ўзбекистон йўналишида ҳаракатни янада тезлаштиради.
Лойиҳа доирасида узунлиги 102,6 километрни ташкил этувчи тўрт полосали замонавий автомобиль йўли қурилади. Йўл халқаро стандартларга мос бўлиб, транспорт воситаларининг узлуксиз ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлайди.
Ҳозирда вилоятда республика аҳамиятидаги автомобиль йўллари узунлиги 678 километрни ташкил этади. Умумий узунлиги 99,2 км бўлган 5 та капитал ва ўрта таъмирлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу лойиҳалар доирасида асосий йўналишларда транспорт чорраҳалари ва кўприклар ҳам реконструкция қилинмоқда.
Жорий йилда яна 103 км узунликдаги Чимкент – Қизилўрда автомобиль йўлида 5 та қўшимча ўрта таъмирлаш лойиҳаси режалаштирилган. Ушбу йўлда автоматлаштирилган ҳаракат назорати тизимлари ўрнатилиши айтилган.
Лойиҳаларнинг комплекс амалга оширилиши натижасида замонавий, хавфсиз йўл тармоғи шаклланади, ҳудудда транспорт хизмати сифати яхшиланади ва Қозоғистоннинг Марказий Осиёдаги транзит салоҳияти янада кучаяди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳридаги Мустақиллик шоҳ кўчаси, Мирзо Улуғбек ва Буюк Ипак йўли кўчалари кесишмасида икки қаватли йўл ўтказгич қурилиши хабар қилинганди.
Live
Барчаси