Қозоғистондаги ёнғинда ўзбекистонликлар қурбон бўлгани тасдиқланди
Олам
−
30 Ноябрь 2023
3755Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги ҳостелда содир бўлган ёнғинда икки нафар Ўзбекистон фуқароси қурбон бўлганини Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тасдиқлади. Бу ҳақда ТИВ Матбуот котиби Ахрор Бурҳонов QALAMPIR.UZ мухбири билан телефон орқали суҳбатда сўз очган.
“Қозоғистонда содир бўлган ёнғинда Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси борлигини тасдиқлаймиз. Улар 2000 йилда туғилган йигитлар. Ҳар иккисининг шахси аниқланган ва оила аъзоларига хабар берилди. Уларни Ўзбекистонга олиб келиш бўйича ёрдам кўрсатилади”, дейди Бурҳонов.
Унинг қайд этишича, ўзбекистонликларнинг вафоти ва ёнғин бўйича қолган барча маълумотлар дастлабки тергов ҳаракатлари якунига етганидан сўнг берилади.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 30 ноябрь куни соат 05:33 атрофида Олмаота шаҳрининг Ади Шарипов кўчасида жойлашган бинода ёнғин чиқди. Фавқулодда вазият вақтида ичкарида 72 киши бўлган. Уларнинг аксарияти эвакуация қилинган. Қутқарувчилар етиб келгач, 13 кишининг жасади топилган. Улардан 9 нафари Қозоғистон, икки нафари Ўзбекистон ва яна иккиси Россия фуқаролари экани аниқланди. Шунингдек, икки киши шифохонага етказилган. Дастлабки тахминларга кўра, қурбон бўлганлар карбон моноксит (ис гази)дан заҳарланиш оқибатида вафот этган бўлиши мумкин.
Ёнғин ортидан фавқулодда ҳолат сабабларини ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь