Қозоғистондаги сайлов: 100 га яқин намойишчи ҳибсга олинди
Олам
−
12 Январь 2021
3542Қозоғистоннинг “Нур Отан” (“Ватан нури”) партияси 10 январь куни бўлиб ўтган Мажилис (парламентнинг қуйи палатаси) депутатлари сайловида 71,09 фоиз овоз тўплаб, ғалаба қозонди. Олмаота марказида рўйхатдан ўтмаган “Қозоғистон Демократик партияси” ва “Оян, Қозоғистон” ҳаракатининг 100 га яқин вакили ҳибсга олинган.
Сайловларни ноқонуний деб ҳисоблаган намойишчилар Остона майдонига тўпланди. Дастлаб 30 дан 40 гача одам ҳибсга олинган. Кейинчалик, 15-20 кишилик намойишчилар гуруҳига хавфсизлик кучлари томонидан Панфилов кўчасида босим ўтказилган, Яна бир неча киши Толе Би кўчаси билан кесишган жойда қолган.
Шунингдек, полиция Республика майдони ҳудудида рўйхатдан ўтмаган “Демократик партия”нинг камида 30 тарафдорини ҳибсга олган. Партиянинг яна 70 вакили ва “Оян, Қозоғистон” ҳаракатининг камида 20 аъзоси Сатпаев кўчасида, Дўстик ва Назарбоев проспектлари ўртасида тўхтатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев парламент депутатлари сайлови муносабати билан норозилик билдирмоқчи бўлганларга нисбатан репрессив чоралар кўрилмаслигини айтганди.
Маълумот учун, Қозоғистондаги парламент сайловларининг овоз бериш натижаларига кўра уч партия: “Нур Отан”, “Оқ йўл” ва Қозоғистон Халқ партияси парламентга кириш ҳуқуқига эга бўлди.
LiveБарчаси