Қозоғистондаги портлаш қурбонлари 35 нафарга етди
Олам
−
29 Октябрь 2023
5560Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги Костенко конида содир бўлган портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 35 кишига етди. Бу ҳақда Қарағанда вилояти ҳокими Эрмаганбет Булекпаевга таяниб, “Tengrinews” хабар берди.
“Айни пайтда Костенко конида юз берган фожиа 35 нафар кончининг ҳаётига зомин бўлди. Яна 13 нафар кончи бедарак йўқолганлар рўйхатида. Дастлабки тахминларга кўра, лавада ёнғин содир бўлган. 252 кончидан 208 нафари ер юзасига олиб чиқилган, улардан 18 нафари тиббий ёрдамга мурожаат қилган”, дейди вилоят ҳокими.
Эрмаганбет Булекпаевнинг қўшимча қилишича, жабрланганларнинг барчаси шифокорларнинг доимий назоратида.
Мутахассисларнинг дастлабки хулосаларига кўра, кондаги портлаш ёнғин ҳақида хабар берилганидан кейин содир бўлган.
Таъкидланишича, аввалига конда ёнғин содир бўлган, унинг ортидан метан-ҳаво аралашмасининг сиқилиши оқибатида портлаш юз берган. Метан-ҳаво аралашмасининг чақнашидан ҳосил бўлган зарба тўлқини жуда кўп қурбонларга олиб келган.
“Портлашнинг кучи шундай бўлганки, ғарбий ва шарқий блоклардаги телекоммуникация тизими ишдан чиққан. Зарба тўлқини нафақат фавқулодда вазият ҳудудига, балки шарқий блокда жойлашган К2 лавасига ҳам таъсир кўрсатган. Зарба тўлқинининг тарқалиш диапазони 2 километрдан ошган”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 октябрь куни эрталаб Қозоғистондаги кўмир конида портлаш содир бўлганди.
Мамлакат Бош прокуратурасига кўра, ҳокимият томонидан кон ёки қурилиш ишларини олиб боришда хавфсизлик қоидаларини бузиш (Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми) моддаси бўйича терговга қадар текширув бошланган.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев кондаги портлашдан сўнг, “ArselorMittal Temirtau” билан инвестициявий ҳамкорликни тўхтатишни буюрган. Давлат раҳбари 29 октябрни ҳалокат қурбонлари хотирасига умумхалқ мотам куни деб эълон қилди.