Қозоғистондаги авария сабаб Ўзбекистонда “свет” ўчди
Олам
−
20 Июнь
7213Кеча, 19 июнь куни Қозоғистондаги Экибастуз энергия тугунида юзага келган авария сабаб Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида қисқа муддатли электр узилиши кузатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги хабар берди.
Қозоғистон электр энергиясини узатиш тизими оператори KEGOC’нинг маълум қилишича, 500 кВли юқори кучланишдаги электр узатиш линиясида соат 16:44 да кучли шамол туфайли узилиш юз берган. Бу Марказий Осиёнинг ягона энергия тизимида (Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонни қамраб олган) частотанинг пасайишига олиб келган.
“Фавқулодда вазиятни бартараф этиш мақсадида айрим ҳудудларда қисқа муддатли мажбурий чекловлар жорий этилди”, дейилади хабарда.
500 кВ кучланишдаги узатиш линиясидаги носозлик соат 19:30 да бартараф этилиб, Ўзбекистон истеъмолчиларига электр таъминоти тўлиқ тикланган.
Маълумот учун, кеча, 19 июнь куни Қозоғистоннинг Павлодар вилоятида шамол тезлиги секундига 43 метргача етган кучли бўрон кузатилди. Табиий офат инфратузилмага жиддий зарар етказди, электр узилишларига сабаб бўлди, баъзи аҳолининг жароҳатланиш ҳолатлари қайд этилди.
Фавқулодда хизматлар маълумотига кўра, 16 киши жароҳатланган, улардан 3 нафари болалар. Аксу шаҳрида 1968 йилда туғилган аёл вафот этган.
Вилоят маркази Павлодарда 47 та объектда, жумладан 6 та ижтимоий муассасада томлар жиддий зарар кўрган. Аксу ва Экибастузда 23 та объект, Баянаул туманида 7 та объект, шунингдек Май ва Павлодар туманларида ҳам биноларга зарар етган.
LiveБарчаси