Қозоғистонда Ўзбекистон фуқароларининг бўлиш муддати узайтирилиши мумкин

Жамият 1136
image

Қозоғистонда Ўзбекистон фуқароларининг бўлиш муддати узайтирилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Расмий ташриф билан Қозоғистонга борган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Қозоғистон Республикаси Парламенти аъзолари билан учрашиб, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлиги фаоллашганлигини, шунингдек икки мамлакат фуқароларининг ўзаро сафарлари кўпайганлигини инобатга олиб, консуллик соҳасидаги айрим масалаларни, жумладан, Қозоғистонда Ўзбекистон фуқаролари бўладиган муддатни узайтириш масаласини қайта кўриб чиқишни таклиф қилган. 

Ўз сўзида Танзила Норбоева Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстона ҳамда аҳил қўшничилик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб, тобора ривожланаётганлигини, аниқ йўналишларда, жумладан, парламентлараро ҳамкорлик соҳасида янгича мазмун билан бойитилганлигини таъкидлаган. 

Учрашувда Сенат раҳбари ҳам икки томонлама алоқаларда, ҳам турли долзарб масалаларни ҳал этишда парламент дипломатияси энг муҳим ташқи сиёсий ресурс сифатида эътироф этилишини таъкидлади.

Парламент дипломатияси бу билан нафақат ўзаро ишончни чуқурлаштиришга, балки сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамда гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга бевосита таъсир кўрсатади.

Жумладан, Танзила Норбоева ҳудудларда фаолият олиб борувчи депутатлар билан ҳамкорликни фаол ривожлантиришни таклиф қилди. Бу жойларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 34
Рейтинг: 3.0
t
×