Қозоғистонда Украинага ёрдам берган жамғарма тугатилди
Олам
−
07 Декабрь 2023
4107Қозоғистоннинг Атирау вилояти ихтисослаштирилган хўжалик суди уруш қурбонларига гуманитар ёрдам кўрсатган “Украинага шон-шараф” жамғармасини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Қозоғистон халқаро бюроси хабар берди.
Қайд этилишича, суд вилоят адлия бошқармасининг даъвосини қаноатлантирган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Қозоғистон халқаро бюроси маълумотларига кўра, даъвогар ташкилот устави қонунга тўғри келмаслигини таъкидлаб, бу қоидабузарликлар тузатиб бўлмайдиган эканини иддао қилган.
“Жамғарма 10 августда рўйхатдан ўтган, аммо 25 август куни Адлия вазирлиги уни давлат рўйхатидан ўтказишни бекор қилиш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилган”, дейди ҳуқуқ ҳимоячилари.
Жамғарма раҳбари Турарбек Кусаиновнинг айтишича, унинг ташкилоти мавжуд бўлган даврда Украинага 5 миллион тенге (тахминан 11 минг доллар) миқдорида гуманитар ёрдам йиғиб жўнатишга муваффақ бўлган.
“Россиянинг Украинага ҳужумидан сўнг, Олмаотада украин халқини қўллаб-қувватлаш учун шаҳар меъёрлари бўйича жуда таъсирли бўлган келишилган митинг бўлиб ўтди. Бироқ ўтган йил давомида Украина халқи билан бирдамлик акцияларини ўтказиш ҳақидаги барча билдиришномалар Қозоғистон расмийларининг қаршиликларига учраган”, дейилади бюро хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинага кўп миллиард долларлик ёрдам ажратиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси АҚШ Сенатида процессуал овоз беришдан ўтмаганди.
LiveБарчаси