Қозоғистонда совуқда қолиб кетган ўзбекистонликлар эвакуация қилинди (видео)
Олам
−
18:31
1874Қозоғистондаги халқаро қатнов трассасида совуқда қолиб кетган Ўзбекистон, Россия ва Тожикистон фуқаролари эвакуация қилинди. Бу ҳақда Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, қозоғистонлик қутқарувчилар бир кеча давомида турли ҳудудлардаги қор босган ва ёпирилган йўллардан одамларни қутқариш билан шуғулланган. Хусусан, Ақтўбе вилоятида Самара-Шимкент автомобиль йўлида Шимкентдан Россияга кетаётган автобус техник носозлик туфайли йўлда қолиб кетган. Автобусдаги 82 нафар йўловчи, жумладан, 3 нафар бола тунда совуқ йўлда музлаб қолиш хавфи остида қолган. Ҳайдовчи ёрдам учун қутқарувчиларга мурожаат қилган ва ҳодисада ҳеч ким жабрланмаган.
Хусусан, Қозоғистон ФВВ ходимлари Ўзбекистон, Россия ва Тожикистон фуқароларидан иборат бўлган, жумладан, 3 нафар бола билан 82 нафар йўловчини Қурилиш қишлоғидаги исиниш пунктига эвакуация қилган.
“Хорижий фуқаролар қозоғистонлик қутқарувчиларга миннатдорлик билдирди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистондаги ёки ушбу мамлакат ҳудуди орқали транзит ўтаётган Ўзбекистон фуқаролари минтақада об-ҳаво шароитининг кескин ёмонлашиши муносабати билан ҳаракатланишда юзага келиши мумкин бўлган қийинчиликлар ҳақида огоҳлантирилган эди.