Қозоғистонда “олтин виза” жорий этилади
Олам
−
08:31 1408 2 дақиқа
Энди Қозоғистонда бир қанча имкониятларга эга бўлган “олтин виза” жорий этилади. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакат миграция сиёсати бутунлай янги моделга ўтказилиши ҳақида фармон имзолади.
Янги модель инвесторлари, малакали мутахассислар ва истеъдод эгаларини жалб қилишга йўналтирилган. Ҳужжат аввалги рухсат ва квота тизимидан воз кечиб, унинг ўрнига рағбатлантирувчи ёндашувни жорий этишни назарда тутади. Шунингдек, рақамли ислоҳотлар амалга оширилади.
Ислоҳотларнинг асосий мақсади Қозоғистонни инвестициялар ва инсон капитали учун минтақавий марказга айлантиришдир. Ҳукуматга барча ўзгаришларни 2026 йил охиригача якунлаш вазифаси юклатилган.
Ислоҳот доирасида виза тизими қайта кўриб чиқилади. Виза тоифалари бирлаштирилиб, янгилари қўшилади. Хусусан, инвесторлар ва директорлар кенгаши аъзолари учун бизнес-виза, олимлар, шифокорлар, маданият вакиллари ва етакчи олий ўқув юртлари битирувчилари учун малакали мутахассис визаси, шунингдек, аниқ инвестиция лойиҳаларида иштирок этадиган вақтинчалик ишчилар учун ишчи виза жорий этилади.
Бундан ташқари, “олтин виза” тизими ҳам йўлга қўйилади. Унинг эгалари давлат хизматларидан кенгроқ фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, улар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, мол-мулк ва ер солиғидан озод этилади.
Шу билан бирга, рақамли резидент ID тизими жорий қилинади. У хорижий фуқаролар учун давлат ва молиявий хизматлардан фойдаланишда шахсни тасдиқловчи рақамли ҳужжат вазифасини бажаради. Етакчи хорижий олийгоҳ дипломлари эса нострификация жараёнисиз автоматик тан олинади.
Рақамлаштириш доирасида хорижий фуқаролар учун QazETA ягона платформаси яратилади. Унда e-Residency модули ва e-Residency Invest дастури бўлади. Бу тизим орқали электрон резидентлар Қозоғистондаги лойиҳаларга ҳамда Халқаро молиявий марказ (AIFC) майдончасидаги инвестицияларга банклар орқали сармоя киритиш имконига эга бўлади.
Бундан ташқари, Остона ва Олмаотада мажбурий инглиз тилида хизмат кўрсатиш зоналари ташкил этилади. Олмаотада эса сунъий интеллект соҳасидаги лойиҳаларни ривожлантириш учун Almaty AI Hub ишга туширилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026 йилда Қозоғистонда янги форматдаги технологик олийгоҳ – Сунъий интеллект университети очилиши ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси