Қозоғистонда Миллий либослар кунини жорий этиш таклиф этилди
Олам
−
22 Февраль
4286Қозоғистонда миллий либослар кунини жорий этиш, мактаб ўқувчилари ва давлат хизматчилари либосларига қозоқ миллий нақшларини қўшиш таклиф қилинди. Бу таклифни парламент мажлисида депутат Даулет Мукаев билдирди.
Унинг айтишича, Қозоғистонда миллий либослар тарғиботи бир марталик тадбирлар билан чекланиб қолмаслиги, уни кийиш трендга айланиши керак.
“Масалан, қардош қирғиз халқи бошидан кигиз қалпоқларини ечмайди – уларга қараб, уларнинг қирғиз эканини дарҳол англаш мумкин, ҳатто Жогорку Кенешда ҳам депутатлар кигиз қалпоқ кийишади. Ўзбек халқи ҳам дўппи ва чопон кияди, чечен халқи папахаси билан ажралиб туради”, дейди депутат.
Мукаев Қозоғистон ҳукуматига айрим чораларни кўришни таклиф қилган. Булардан биринчиси миллий либосни республика миқёсида эътироф этиш мақсадида миллий либослар кунини белгилаш. Депутатнинг фикрича, бу маданий қадриятларни оммалаштириш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш учун асос бўлади.
Бундан ташқари, депутат давлат хизматчилари ва давлат хизматлари марказлари ходимлари кийимига қозоқ миллий ўзига хослик элементларини қўшишни, шунингдек, мактаб формасига миллий рангларни киритишни таклиф қилди.
“Мактаб ўқувчилари учун миллий либослар стандартини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш, турли халқаро мусобақаларга борадиган фуқаролар либосларида миллий дидни акс эттиришни таклиф этаман”, дея қўшимча қилди депутат.
Маълумот учун, депутат Мукаевнинг ўзи парламент мажлисларига турли дўппиларда боради. Бу сафар у парламентга пиджакининг рангига мос келадиган кулранг бош кийимда келди.
Қайд этиш жоизки, қозоқларнинг миллий кийимлари учун анъанавий материаллар чарм, мўйна, юпқа кигиз ва мато бўлган. Қадимда бадавлат кишилар хориждан олиб келинган материаллардан – шойидан, толадан, бахмалдан кийим кийган. Иссиқ устки кийимлар ёввойи ва уй ҳайвонларининг териси ва мўйнасидан тикилган. Унинг айрим турлари кигиздан қилинган.
Ёш қизлар асосан икки хил бош кийим кийган: дўппи (таҳия) ва мўйнали безакли иссиқ бош кийим (борик). Эркаклар бош кийимлари ҳам хилма-хил эди. Улар бошига турли дўппилар, ёзги ва қишки бош кийимлар кийишган.
Ёзги бош кийим – қалпоқ юпқа кигиздан тикилган ва ўзига хос антиқа кесимга эга бўлган. Бадавлат қозоқлар орасида у ёрқин кашталар билан безатилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь