Қозоғистонда миграция устидан назорат кучайтирилади

Олам

image

Қозоғистон мамлакатнинг миграция қонунчилигини бузган хорижликларни чиқариб юбориш қоидаларини соддалаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ИИВ Миграция полицияси қўмитаси раиси Аслан Аталиков маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистонда миграция назоратини кучайтиришга қаратилган янги тузатишлар пакетини ишлаб чиқиш масаласи муҳокама қилинмоқда.

“Биз хорижликларни рўйхатга олиш институтини қайтариш масаласини кўриб чиқяпмиз. Бу мамлакатда 30 кунгача муддатда қолувчи сайёҳларга эмас, балки 1 ойдан ортиқ яшаш ниятидагиларга тегишли бўлади. Ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, ортиқча бюрократиясиз хорижликларни рўйхатга олишнинг соддалаштирилган механизми ва тартибини ишлаб чиқиш, сохта рўйхатга олиш учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган тузатишлар тайёрланмоқда”, деди Аслан Аталиков.

Қайд этилишича, Ички ишлар вазирлиги ушбу чора-тадбирлар миграция назоратини такомиллаштиришнинг самарали воситаларини яратишига ишонч билдирган.

“Бундан ташқари, биз чет элликларни депортация қилишнинг амалдаги тартибини қайта кўриб чиқишни режалаштирмоқдамиз. Бугунги кунда бу жуда мураккаб. Янги депортация институтини жорий этиш белгиланган. Бу миграция қонунчилигини бузувчиларга Қозоғистондан тезроқ чиқиб кетишга имкон беради", деди қўмита раҳбари.

У май ойида чет элликларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги 7 та кодекс ва 13 та қонунга ўзгартиришлар киритилганини ҳам таъкидлаган. Улар асосида, Қозоғистонга киришни тақиқлаш, илгари болаларга нисбатан жинсий характердаги жиноятлар содир этган шахсларга фуқаролик беришдан бош тортиш, экстремистик ва террорчилик фаолияти билан шуғулланган хорижликларнинг киришини ҳам тақиқловчи стандартлар жорий этилган.

Бундай сабабларга кўра, чет элликларга мамлакатга кириш, сабабини тушунтирмасдан доимий яшаш учун рухсат бериш рад этилади. Агар ушбу жиноятлар кейинчалик улар томонидан содир этилса, берилган рухсатномалар бекор қилинади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон назорат миграция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг