Қозоғистон Бош вазири Украинадаги вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказди

Олам

image

Бугун, 22 ноябрь куни Қозоғистон Бош вазири Ўлжас Бектенов Украина атрофидаги вазият муносабати билан асосий ҳарбий ва фуқаролик объектларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича мамлакат Президенти топшириқларини бажаришга қаратилган тезкор йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

“Бош вазир Ўлжас Бектенов Украина атрофидаги вазият муносабати билан асосий ҳарбий ва фуқаролик объектларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат раҳбарининг топшириқларини бажариш юзасидан Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш, Транспорт, Энергетика, Саноат ва қурилиш, Миллий иқтисодиёт ва молия вазирликлари раҳбарлари билан тезкор йиғилиш ўтказди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ҳукумат раҳбари Мудофаа вазири Руслан Жақсиликовнинг стратегик ва инфратузилма объектларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотини эшитиб, давлат органлари фаолиятини кучайтиришга қаратилган бир қатор вазифаларни қўйган. Барқарорлик ва жамоат тартибини сақлаш, транспорт алоқасининг хавфсизлиги ва ҳаётий аҳамиятга эга объектларнинг фаолиятига алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, ваколатли тузилмалар раҳбарларига Президентнинг хавфсизликни таъминлаш бўйича топшириқларини алоҳида назорат қилиш ва вазият бўйича ўзгаришлар ҳақида тезкор тарзда маълумот бериш топширилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Украина атрофидаги вазиятнинг кескинлашиши сабабли мамлакат Бош вазирига, Президент Администрацияси, куч тузилмаларининг раҳбарларига ва барча ҳокимларга асосий ҳарбий ва фуқаролик объектларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича шошилинч чоралар кўришни топширган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг