Қозоғистонда КХШТ машғулотлари бошланди
Олам
−
01 Октябрь
2370Қозоғистоннинг Олмаота вилоятидаги “Берег” полигонида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг “Бузилмас биродарлик-2024” ўқув машғулотларининг фаол босқичи бошланди. 1-5 октябрь кунлари тинчликпарварлик операцияси тайёргарлиги ва ўтказилиши масалалари ишлаб чиқилади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, машғулотларда Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон ҳарбий контингентлари иштирок этмоқда.
“Дунёдаги вазият тинч эмас ва биз ҳар хил чақириқ ҳамда таҳдидларга, нафақат бизнинг мамлакатларимиз, балки бутун жаҳон жамоатчилиги учун долзарб бўлган таҳдидларга тайёр бўлишимиз керак,” дейди Бош штаб раҳбари, Қозоғистон Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари Султон Камалетдинов.
КХШТ Қўшма штаби бошлиғининг биринчи ўринбосари Ҳасан Калоевга кўра, ўқув машғулотларининг ўзига хослиги шундаки, ташкилотнинг ҳарбий тузилмаларидан ташқари, унга ички ишлар органлари, полиция, ички қўшинлар, миллий гвардия қўшинлари, хавфсизлик органлари ва фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича ваколатли органлар ҳам қўшилади.
Нашрнинг ёзишича, машғулотлар давомида инқироз зонасида можародан кейинги вазиятни ҳал этиш ва гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича амалиёт ўтказилади. Машғулотларга 2 000 дан ортиқ ҳарбий хизматчи, 500 та зирҳли танк ва автомобиль техникаси, Ми-17, Ми-35 вертолётлари, Ил-76 ва Си-295 самолётлари ҳамда учувчисиз учиш аппаратлари жалб қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ КХШТнинг Қирғизистондаги ўқув машғулотларида Хитой, Туркия, Буюк Британия, АҚШ ва бошқа Ғарб давлатларининг ҳарбий-дипломатик корпуси вакиллари иштирок этгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси