Қозоғистонда қолиб кетган ўзбекистонликлар бўлган автобус бўйича маълумот берилди
Жамият
−
12 Январь 2023
7995Аввалроқ Қозоғистонда ноқулай об-ҳаво сабабли ичида 70 га яқин ўзбекистонлик бўлган икки автобус йўлда қолиб кетгани ҳақида хабар берилганди. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги батафсил маълумот берди.
Жорий йилнинг 9 январь куни соат 18:00 да автобус техник ҳолати текширилиб, ҳайдовчилар тиббий кўрик ва махсус йўриқномалардан ўтгач, “Тошкент-Москва” йўналиши бўйича 26 нафар йўловчи билан “Тошкент” автовокзалидан йўлга чиққан.
Йўналиш давомида жорий йилнинг 10 январь куни Тошкент вақти билан соат таҳминан 22:00 да Қозоғистоннинг Актобе вилояти “Самара-Чимкент” трассасида ноқулай об-ҳаво шароити туфайли вужудга келган музламалар сабаб шу йўналишда ҳаракатланаётган барча енгил, юк ва жамоат транспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўхтатилган.
Шу жумладан, юқорида кўрсатиб ўтилган автобус ҳаракати ҳам вақтинчалик тўхтатилган. Маҳаллий ҳукуматнинг Фавқулодда вазиятлар департаменти томонидан йўловчилар ўша атрофдаги масжидга вақтинчалик жойлаштирилган.
Йўлдаги музлар ва тўсиқлар бартараф этилгандан сўнг транспорт воситалари ўз ҳаракатларини давом эттирган. “Тошкент-Москва” йўналишидаги автобус ҳам йўлга чиққан бўлиб, ҳозирда Қозоғистон ва Россия Федерацияси чегара божхона постидан ўтмоқда.
Ҳайдовчи билан ўрнатилган оператив алоқага кўра, автобусдаги барча йўловчилар соғ-саломат ҳолда ўз сафарини давом эттирмоқда.
Эътиборлиси, Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тарқатган хабарда “Тошкент-Москва” йўналишидаги автобусда 31 нафар ўзбекистонлик бўлгани айтилган эди. Транспорт вазирлиги эса автобус Тошкент автовокзалидан 26 киши билан йўлга чиққанини қайд этган.
Вазирлик 69 нафар ўзбекистонлик ва уч нафар қозоғистонлик бўлган иккинчи автобус ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган.
LiveБарчаси